Табиий қобилиятлар қанчалик яхши бўлмасин, нотўғри танланган таълим уларни йўқ қилиши мумкин. Фарзандингиз келажакда муваффақиятли тадбиркор, иқтисодчи ёки IT мутахассиси бўла олса-чи? Ривожлантиришга ва далда беришга арзийдиган митти даҳонинг 10 белгиси билан танишинг.

1. Хато қилишдан ҳайиқмаслик

Заковатлилар янги нарсаларни синаб кўришади ва таваккал қилишдан қўрқишмайди. «Агар бирор иш қилишга киришсанг, уни мукаммал бажар» руҳида хавфли перфекционизмни сингдирманг. Шундоқ ҳам ўзига нисбатан ўта талабчан бўлган бола учун бу каби кўрсатмалар зарарли бўлиши мумкин, шунинг учун унинг муваффақиятсизликларига эътибор берманг. 

Фарзандингизга уни бирор нимага эришгани учун эмас, борича севишингизга ишонишига ёрдам беринг. У ҳали катта ҳаёт тажрибасига эга эмас, у ҳамма нарсани илк марта синаб кўряпти. Танбеҳ ва масхараларингиз унга жўшқинлик бахш этиши даргумон. Танқид қилиш ўрнига, ҳар қандай йўл билан илҳом бағишланг: агар бирор нима ўхшамаса — майли, кейинги сафар уддалайди.

2. Жамоада ҳам, ёлғиз ҳолатда ҳам қийинчилик сезмайди

Баъзида ҳатто даҳо ёрдамга муҳтожлик сезади. У ҳамма нарсани қилишга қодир бўлиши керак: вазифаларни белгилаш ва тақсимлаши, бевосита ва вакил орқали ишлаши ва керак бўлганда турли соҳалардаги барча муаммоларни гуруҳ ёрдамисиз енгиб ўтиши лозим.

Жамоавий ишлашдан мақсад ким энг ақлли ёки қобилиятли эканлигини исботлаш эмас, балки фақат умумий меҳнат орқали амалга ошириладиган ажойиб нарсалар ва ғояларни биргаликда яратиш. Болага дунёда нуқтайи назари уникидан фарқ қиладиган одамлар бўлиши мумкинлигини ва бу мутлақо нормал ҳолатлигини тушунтиринг. Ва албатта, сиз болангизни бошқалар билан таққосламаслигингиз керак: у яхшироқми ёки ёмонми фарқи йўқ, ҳар бир инсон ўз услубича яхши.

3. Юқори ҳиссий ақли билан ажралиб туради

Фарзандингиз турли одамлар билан тил топиша олади, стрессдан тезда халос бўлади, зиддиятли вазиятлардан ақлли равишда чиқади ва кескин вазиятни қандай юмшатишни биладими? Табриклаймиз, сиз даҳони тарбиялаяпсиз. 

Ҳиссий ақл — бу инсон ўзининг ва бошқа одамларнинг ҳис-туйғуларини ёки ниятларини аниқлашга ёрдам берадиган кўникмалар тўплами. Уни ривожлантириш учун болага нима учун у муайян ҳис-туйғуларни бошдан кечираётганини тушунишга ёрдам беринг. Агар у ғазабланса, сабаби нималигини ойдинлаштиринг. Эҳтимол, у бирор нарсадан хафа бўлган ёки у шунчаки ғамгин ҳолатда ва ҳеч бўлмаганда шу йўл билан эътиборни жалб қилмоқчи.