Жамият | 08:04 / 28.11.2019
74845
4 дақиқада ўқилади

Тергов департаменти Самарқанддаги фожиа бўйича расмий маълумот берди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти Самарқанд шаҳрида рўй берган фожиа бўйича расмий маълумот тақдим этди.

2019 йил 20 ноябрь куни тахминан соат 02:00ларда 28 ёшли фуқаро «Изатулло» ўзининг 30 ёшли таниши «Мақсуд» билан биргаликда Самарқанд шаҳар Буюк ипак йўли кўчасида жойлашган автобус бекати олдидан ўтиб кетаётган «Асал» исмли аёлга гап отишган. Бу вақтда Асалнинг ёнида бўлган 2 нафар эркак танишлари ушбу ҳолатга аралашиб, улардан бири Изатуллонинг юзига бир маротаба урган. Шунда Асал ўзининг танишига қўнғироқ қилиб уларни чақирган. Асалнинг чақирувига биноан жами 6 нафар шахслар келишган. Уларнинг ичида 2 нафари аёл бўлган. Шундан сўнг улар бир гуруҳ бўлишиб, шу куни соат 03:40ларда жамоат жойи ҳисобланган Самарқанд шаҳар Беруний кўчаси 82-уй олдида жамиятда юриш-туриш қоидасини қасддан менсимасдан фуқаро Изатуллонинг шериги Мақсудни сўкиниб ҳақоратлаб, танасини турли жойларига қўл-оёқлари билан уриб-дўппослаб тан жароҳатлари етказишган.

Шундан сўнг, 3 нафар аёл ва 3 нафар эркак шахс қўл-оёқлари билан Изатуллонинг бош қисми ва танасининг турли соҳаларига бир неча маротаба уриб дўппослаб, оғир тан жароҳати етказишган.

Кўрилган тезкор чора тадбирлар натижасида Изатуллога нисбатан жиноятни содир этган шахслардан 3 нафари ички ишлар ходимлари томонидан ушланган.

Тез тиббий ёрдам шифохонасининг бирламчи маълумотномасига кўра, Изатуллога «бош мия суякларини оғир синиши» ташхиси қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 20 ноябрь куни Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

2019 йил 23 ноябрь куни Изатулло кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан шифохонада вафот этган ва шу куни унинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган ҳамда жиноят иши ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «д» бандига қайта малакаланган.

Дастлабки тергов жараёнида 3 нафар шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «д» банди ва 277-моддаси 2-қисми «б» банди билан айб эълон қилиниб, уларга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва қолган 6 нафар гумон қилинувчиларга нисбатан тегишли эҳтиёт чораларини қўллаш масаласи кўрилмоқда.

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва натижасига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади, дейилади маълумотда.

Аниқланишича, марҳум И.М. 2016 йил 6 июнь куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаб, 2016 йил 02 сентябрь куни Самарқанд шаҳридаги 42-сонли умумтаълим мактабига «рус тили» фанидан ўқитувчи бўлиб ишга кириб, 2017 йил 25 сентябрь куни ишдан бўшаган ва РФга ишлаш учун кетиб, 2018 йил август ойида қайтиб келган.

2018 йил 3 сентябрь куни яна шу мактабга ўқитувчи лавозимига ишга қабул қилинган ҳамда ўқувчиларга рус тилида «тарих» фанидан дарс бериб келган. Жорий йилнинг 17 октябрь кунидан буён ишдан бўшаши ҳақида мактаб директорини оғзаки огоҳлантирган ва мактабга ишга бормай, шу вақт мобайнида Самарқанд шаҳри Мирзо Улуғбек ва Шоҳрух кўчалари кесишувчи чорраҳада сомса сотиш билан шуғулланган, деб ёзмоқда Тергов департаменти.

“Фуқароларимиздан, мазкур ҳолатнинг барча тафсилотлари аниқланиб, тергов ҳаракатлари якунига етгунига қадар ижтимоий тармоқларда номақбул изоҳлар беришдан сақланишларини сўраймиз”, - дейилади ТД хабарида.

Бундан олдин, Самарқандда бир ўқитувчи уриб ўлдирилгани, Бош прокуратура ушбу иш юзасидан баёнот бергани хабар қилинганди.

Мавзуга оид