Ўзбекистон Энергетика вазирлиги электр токи узилиши сабаблари ва унинг нима учун электр етказиб берувчилар томонидан ўчириб қўйилиши ҳақида маълумот берди.
Маълумотда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги тасарруфида фаолият юритаётган электр энергияси тизимига электр энергияси ишлаб чиқарадиган станциялар («Иссиқлик электр станциялари» АЖ ва «Ўзбекгидроэнергия» АЖ), электр энергиясини узатиш учун юқори кучланишли магистрал тармоқлари («Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ), электр энергиясини тақсимлаш тармоқлари («Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ) ва электр энергияси истеъмолчилари кириши қайд этилган.
Мазкур тизимнинг бошқа ишлаб чиқариш соҳа ва йўналишлардан фарқи шундаки, электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш бир пайтнинг ўзида амалга оширилиши лозим бўлган ягона технологик жараён ҳисобланади. Ҳар лаҳзада тизим қисмлари ўртасида мувозанат ўрнатиш ниҳоятда муҳим вазифа саналади.
Яъни электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш ўртасида энергия баланси мунтазам равишда таъминланиши лозим. Мувозанат сақлаш тизимнинг ишончли фаолиятининг кафолати ҳисобланади. Шунга кўра, тизим диспетчеридан жуда қисқа вақтда кескин чора кўриш талаб этилади.
Маълумотда электр энергиясига бўлган эҳтиёж кескин ортиши кузатилган пайтда ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия балансини таъминлаш жуда қийин вазифа бўлиб қолаётгани, катта аварияларнинг ва бутун мамлакатда ҳамма истеъмолчиларнинг электрсиз қолишининг олдини олиш учун электр энергияси таъминотида узилишилар қилишга тўғри келиши таъкидланган.
«Диспетчерлик маркази томонидан энерготизимда мувозанат сақлаш жараёни ўз вақтида таъминламаса, тизимдаги зўриқиш турли йирик аварияларга сабаб бўлиб, катта-катта ҳудудларда узоқ вақт электр энергияси бўлмаслигига сабаб бўлади», дейилади вазирлик хабарида.
Маълум қилинишича, электр энергия таъминоти тизимидаги номутаносиблик ҳамда электр энергияси талаб ортиши сабабли содир бўладиган аварияларнинг типик сабаблари қуйидагича бўлиши мумкин:
- ишлаб чиқарувчи қувватининг пасайиши ёки энергия тизимида истеъмолнинг кўпайиши, яъни истеъмолчи юкламасининг ортиши туфайли электр токи частотасининг кескин пасайиши. Частотанинг пасайиши натижасида авария ҳолатида ишлаётган жиҳоз ва ускуналар носоз ҳолга келади;
- электр энергия тизимининг асосий тугунларида (автотрансформаторларда) кучланиш даражасининг пасайиши туфайли генератор ва синхрон компенсаторлар фаолиятида реактив қувват юкламасининг етишмаслиги ёки ҳаддан ташқари юкланиши;







