«Қушнинг ҳам уяси бузилмасин», дейди халқимиз. Уйи бузилган қуш чирқираб дунёларни бузади. Қуш-ку, қуш, одамнинг уйи бузилса-чи? Қаҳратон қишда кўчада қолган одамлар додини кимга айтсин?
Kun.uz таҳририятига Тошкент вилояти Зангиота тумани Эшонгузар қўрғонида яшаган, айни пайтда уйлари бузилган бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилиб, уйлари бузилишидан олдин мутасаддилар томонидан айтилган ваъдалар бажарилмаётганидан шикоят қилишди. Kun.uz мазкур мурожаат юзасидан журналистик суриштирув ўтказди.
Маълум бўлишича, 2019 йилнинг май ойида Зангиота туманининг Эшонгузар қўрғони, «Ойбек» маҳалласида жойлашган Абдулла Набиев 1-тор кўчасида яшовчи фуқаролар ушбу ҳудуддаги 11та уй ва бошқа нотураржойлар бузилиши, уларнинг ўрнига туман бош режасига асосан кўп қаватли тураржойлар ҳамда инфратузилма объектлари қурилиши режалаштирилгани ҳақида огоҳлантирилишган.



«Туман ҳокимлигидан уйларинг 3 кун ичида бузилади деб хат тарқатиб кетишди. Ҳаммамиз нима қилишимизни билмай бақа бўлиб қолдик. Уйларимизни-ку топширдик, лекин берилган компенсация пулига худди ўшандай иморат қуриб олишимизга кўзим етмаяпти. Қурилиш материаллари, уста ҳақи ошиб кетди», дейди 74 яшар Қосим Раҳматов.

«Уйларимиз бузилмаганда ва бозор нархида бошқаларга сотганимизда анча қимматга сотган бўлардик. Чунки иморатларимиз янги эди. Ҳокимият эса энг кўпи билан 500 миллион сўмгача товон пули берди. Аммо бу пул қурилиш қилишга етмаяпти», дейди Ботир Ғофуров.

«Келинларимни невараларим билан бирга отасининг уйига жўнатворганмиз. Биттаси Ибн Синога, иккинчиси Камолонда туради. Ҳар куни ўша ердан невараларим боғчасига, мактабига қатнашяпти. Ҳар бирининг йўлкирасига 15-20 минг сўм кетяпти. Нимаям қилардик бошқа. Ўзим икки нафар ўғлим ва усталар билан ҳали қурилиши битмаган уйдаги бир хонада вақтинча яшаб турибмиз. Шароитлар йўқ. Изғиринда электр иситгич билан жон сақлаяпмиз», дейди уйи бузилган фуқаролардан бири Абдумажид Абдуллаев.





















