Жамият | 18:26 / 30.11.2019
5628
2 дақиқада ўқилади

10 ой ичида ёнғин туфайли қанча одам ҳалок бўлгани маълум қилинди

Шу йилнинг ўтган даври мобайнида ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан ўтказилган профилактик ишлар натижасида 15 минг 586 та бино ва иншоотларда ёнғин келиб чиқиш хавфи олди олинди. 

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтида бўлиб ўтган анжуманда маълум қилинишича, юз берган ёнғинларни ўчириш вақтида кўрилган тезкор ҳаракатлар туфайли 35 нафар инсон қутқарилиб, 1 минг 271 бош уй ҳайвонлари, 123 турдаги техникалар, 289 миллиард сўмдан зиёд иншоот қурилмалари ва 95 миллиард сўмдан ортиқ моддий бойликлар сақланиб қолинди.

Тадбирда таъкидланишича, олиб борилаётган ишларга қарамасдан 2019 йилнинг 10 ойи давомида Ўзбекистон ҳудудида жами 9 минг 384 та ёнғинлар қайд этилиб, ушбу ҳодисаларда 88 нафар инсон ҳалок бўлган ва 240 нафар киши тан жароҳати олган.

Жорий йилги ёнғинлар сони 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 345 тага, одамларнинг ҳалок бўлиши 10 тага ва тан жароҳати олиши 56 тага камайган.

Таҳлилларга кўра, ёнғинларнинг 38,9 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 30,1 фоизи электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, 11,1 фоизи иситиш печларининг носозлиги ёки уларни нотўғри ишлатиш, 9,9 фоизи болаларнинг шўхлиги сабаб содир бўлган.

Анжуманда айни пайтда ёнғин хавфсизлигини таъминлашдаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечими ва ёнғинга қарши муҳофазани такомиллаштириш, ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, соҳага янги инновацион технологияларни қўллаш амалиётини янада кучайтириш каби масалалар муҳокама этилди.

Мавзуга оид