Kun.uz таҳририятига Тошкент шаҳрининг Яккасарой кичик саноат зонаси ҳудудидаги 52-блокда фаолият юритувчи «All Solar» хусусий корхонаси раҳбари Музаффар Тилавов мурожаат йўллади. Тадбиркорнинг айтишича, у ва туркиялик инвестор Албайрак Рамазон раҳбарлигидаги «Asra prom textile» МЧЖ 2017 йилдан буён 10 йилга тузилган ижара шартномаси асосида фаолият юритиб келаётган бино Ўзбекистон президентининг 2019 йил 16 сентябрдаги қарорига кўра «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси балансига кўргазма майдончаси ташкил қилиш учун ўтказилмоқда.

Тадбиркорлар мазкур иншоотнинг таъмирлаш ишларига жами 4 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфлаб, эндигина оёққа турган ва фойда ола бошлаган пайтда бино олиб қўйилаётганидан жиддий ташвишда.

Энг аҳамиятли ва кишини ўйлантирадиган жиҳат шуки, президент қарорида Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 44-б уй манзилида жойлашган уч қаватли бино унга туташ ҳудуди билан баланс қийматида «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига топширилиши қайд этилган. Аммо «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси айнан қарорда кўрсатилган манзил бўйича эмас, балки тадбиркорлар фойдаланаётган бинога, аниқроғи Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчаси, 53-б, 52-блокка даъво қилмоқда.

Kun.uz мухбирлари мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида тадбиркорлар фаолияти билан яқиндан танишиб, айни масала бўйича қатор ташкилотлар муносабатига қизиқди.

«Нафақат менинг, балки туркиялик инвесторнинг ҳам фаолияти тўхтайди» 

Музаффар Тилавов, «All Solar» хусусий корхонаси раҳбари:

- 2013 йили мазкур корхонани очиб, ўз фаолиятимни бошлаганман. 2017 йил февраль ойида юртбошимиз илк бор Тошкент шаҳридаги тадбиркорлар билан учрашганида мен ҳам суҳбатлашишга муваффақ бўлгандим. Ўшанда давлатимиз раҳбари менга бу соҳани янада ривожлантириш кераклиги, ишлаб чиқариш қисмларини иложи борича маҳаллийлаштириш бўйича топшириқ бердилар.

Шундан сўнг, Тошкент шаҳар давлат активларини бошқариш марказига ҳужжатларимизни топшириб, ушбу бинони, яъни Шота Руставели кўчаси, 53-б, 52-блокни 10 йил муддатга ижарага олдик. Бу иншоот бизга инвестиция киритиш ва таъмирлаш шартлари билан берилди. Бу шартларни икки йил ичида тўлиқ бажардик. Таъмирлаш учун 2 миллиард сўмдан зиёд маблағ кетди. Чет элдан 310 минг долларлик ускуналар харид қилиб, олиб келдик. Айни пайтда ишлаб чиқариш ишлари бошланган.