Ўзбекистон | 14:22 / 02.12.2019
18587
2 дақиқада ўқилади

Эски паспортда юрган фуқаролар 30 кун ичида биометрик паспорт олмаса, 669 минг сўмгача жаримага тортилади

Фото: KUN.UZ

Шу пайтгача эски паспортда юрган, биометрик паспорт олмаган фуқаролар 30 кун ичида паспортини алмаштиришлари керак. Акс ҳолда улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасига мувофиқ 111 500 сўмдан 669 сўмгача жаримага тортилади. Бу ҳақда Kun.uz’га ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бўлим бошлиғи Фазлиддин Усмонов маълум қилди.

“Ўзбекистонда биометрик паспорт олмаган фуқароларнинг нобиометрик паспортларини алмаштириш муддати 2019 йил 31 декабрь этиб белгиланган бўлиб, биометрик паспортга эга бўлмаган фуқаролар 31 декабргача тақаб бормасдан ҳозирданоқ доимий яшаш манзилларидаги ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматларидаги маълумотларни йиғиш пунктларига зарурий ҳужжатлар билан мурожаат этишлари ва биометрик паспорт олишлари зарур”, дейди Фазлиддин Усмонов.

Биометрик паспорт қандай тартибда расмийлаштириб берилади?

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда биометрик паспортлар 2011 йилнинг январидан жорий этилган бўлиб, эски (нобиометрик) паспортларни янгисига алмаштириш учун дастлаб 2015 йилнинг декабригача, кейинчалик 2018 йилнинг 1 июлигача муҳлат берилган эди. Бироқ бу вақтгача мамлакат аҳолисининг катта қисми паспорт алмаштиришга улгурмагани сабабли Ҳукуматнинг 2018 йил 30 июндаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик бўлмаган паспортининг амал қилиш муддати 2019 йил 31 декабргача узайтирилган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2021 йилда биометрик паспорт ўрнига ID-карталар жорий этилиши кутилмоқда. ИИВнинг хабар беришича, 2021 амалдаги биометрик паспортнинг жорий этилганига 10 йил тўлади ва шу йили берилган паспортларнинг муддати тугайди. Муддати тугаган биометрик паспортлар босқичма-босқич ID-карталарга алмаштирилади.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид