2018 йилда Ўзбекистондаги олийгоҳлар сони яна биттага кўпайди. Самарқандда мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш вазифаси қўйилган «Ипак йўли» туризм халқаро университети очилди. Бу университет айни дамда таълим тўлиқ инглиз тилида амалга ошириладиган илк олийгоҳ ҳисобланади. Жанубий Корея таълим системасида ишлаб ном қозонган Азамат Акбаров айни дамда туризм университетининг проректори вазифасида ишлаб келади. Янги университет фаолиятини оёққа турғизишда жонбозлик кўрсатаётган мутахассис вақт ажратиб, бизнинг саволларимизга жавоб берди.

«Таълим мамлакатнинг «юмшоқ куч»ига айланиши керак»

Суҳбатимиз аввалида Азамат Акбаров мамлакатдаги илк халқаро мақомини олган давлат университетида ишлаётганидан фахрланишини айтиб, олийгоҳ қайси йўлдан бориши ҳақида гапирди:

«Университетимиз очилиши ҳақида Циньдаодаги ШҲТ саммити вақтида президентимиз Шавкат Мирзиёев эълон қилганлар. Давлат олийгоҳлари ичида фақат бизга халқаро статуси берилди. Бизда халқаро олийгоҳларнинг филиаллари бор ва биз ўша халқаро университетларга рақобатчи миллий-халқаро олийгоҳга айланишимиз лозим. Халқаро университет Ўзбекистоннинг «юмшоқ куч»ига (soft power) айланиши керак. «Юмшоқ куч» ҳам аслида машина, мева-сабзавот каби Ўзбекистон четга экспорт қиладиган маҳсулот. Бизнинг вазифамиз таълим орқали мамлакатни дунёга танитиш.

Университетимиз 2019/20 йилларда тўлиқ инглиз тилида дарс бериладиган тизимга ўтди. Бундай тажриба давлат университетлари орасида биринчи бўлиб бизда амалга оширилди. Бундан ташқари биз «Балонья тизими»га ўтдик. Яъни кредит-модуль тизимига. Бу тизим биринчидан, университетнинг халқаролашувига ёрдам беради. Иккинчидан, Европа, Жанубий Корея, Япониядаги кучли олийгоҳлар билан талаба алмашиш имконини оширади (яъни ўқишни бошқа олийгоҳга кўчириш).

Бу тизимда талаба белгиланган миқдордаги «кредит» олиши керак. Масалан, бизда 240 «кредит» олиш мажбурий ва талаба буни хоҳласа 4 йилда, хоҳласа 5 йилда олиши мумкин. Бу талабага эркинлик туғдиради. Айтайлик, талаба ўқиш билан биргаликда бирор ерда ишлаши мумкин. Агар у белгиланган «кредит»ни олишни ишлаб ҳам эпласа, марҳамат, бемалол ишласин. Биз талабанинг ўз соҳаси бўйича ишлашини фақат олқишлаймиз. Талаба бу семестрда ололмаган «кредит»ларининг ўрнини кейинги семестрда тўлдириб қўйиши мумкин. Яъни, талаба ўз ўқув режасини ўзи туза олади.

Нега баъзи талабалар чет элдаги олийгоҳларда биринчи семестрдаёқ ўқишдан ҳайдалиб кетади? Чунки у керакли дарсларни қайтадан ўқишга улгурмайди. Ваҳоланки улар маҳаллий олийгоҳларда талаб қилинган фанларни ўқиган, аммо бунинг исботи бўлмаган. Кредит-модуль тизимида эса мана шундай муаммо бўлмайди».