Жиззах футболи ҳақида сўз борганда, яқин йилларгача аввало Даврон Файзиев ва Жасур Ҳасанов каби миллий терма жамоада тўп сурган футболчилар тилга олинган бўлса, бугунга келиб кўпроқ Рашидовлар оиласи эътироф этилади.
Оила бошлиғи Ихтиёр Рашидовнинг ўз вақтида ҳаваскор футболчи сифатида етолмаган орзуларини фарзандлари рўёбга чиқарди, ота болаларнинг илк мураббийига айланиб, футболни танлашларига сабабчи бўлди. Айни вақтда 28 ёшда бўлган Сардор Рашидов «Қатар СК» сафида тўп сурмоқда, 26 ёшли Санжар Рашидов «Сўғдиёна» клуби сардори ва етакчиси саналади, 21 ёшли Саҳоб Рашидов эса сўнгги икки мавсумда Жиззах жамоаси сафида 15 ўйинда майдонга тушиб, 2та гол уришга эришди.
Kun.uz сайти мухбирлари Жиззахда бўлиб, профессионал футболчиларнинг отаси Ихтиёр Рашидов билан видеоинтервью уюштирди. Суҳбат давомида ота ўз ўғилларининг футболга кириб келиши, фаолияти ва бошқа бир қатор саволларга жавоб берди.
«Сардорда Худо берган иқтидор бор дейишарди»
- Тўнғич ўғлим Сардор болалигидан тўпга ошно бўлиб улғайди. Ўз вақтида институтга ўқишга топширганим сабабли, ҳаваскор футболдан профессионал футболчи бўла олмаганим боис, катта ўғлимни футболчи қилиб тарбиялашга қизиқа бошладим. 5-6 ёшдан футбол мактабига олиб бордим, мураббийлари уни ўзидан катта ёшдаги гуруҳларга қарши ўйнатишса-да, кичик бўлишига қарамай, яхши ҳаракат қиларди. Ўшанда мураббийларнинг «ўғлингда Худо берган иқтидор бор» дея айтган гаплари ишонч уйғотди. Шу билан Сардор футболга киришиб кетди. БЎСМлар ўртасидаги вилоятлардаги турнирларда ҳам иштирок этиб, голлар урарди, ўғлим ҳақида яхши гапларни эшитардим. Бора-бора 16 ёшидаёқ «Сўғдиёна» ўринбосарлари сафидан ўрин олди.
Ўшандаёқ селекционер мураббийлар назарига тушиб, Сардорга таклифлар туша бошлади. Дастлаб, «Пахтакор»нинг 1991 йилги футболчилардан иборат жамоаси мураббийи Жиззахдаги турнирда Сардорнинг ўйинини кузатиб, рақамларини бериб, ўғлимни Тошкентга чақиришга қизиққанди. Аммо ўшанда, ўғлимнинг қўли сингач, бу таклиф қолиб кетганди.
«Қўнғироқ бўлса, юрагим жиз этарди – Сардорнинг яна қаери синибди экан, деб...»
- Сардор кўп жароҳат оларди. Қўлини икки қисмидан синдириб олганди. Сўнг елкаси синганди. Шу даражада бўлдики, БЎСМ мураббийларидан қўнғироқ бўлса, юрагим жиз этарди - яна қаери синибди экан, деб. Тўғри, шифохонага борардим. Ўғилларим ортидан шифохоналарга кўп борганимдан, травматологларнинг ҳаммаси билан оға-ини бўлиб қолгандим (кулади). Эслайман, бир сафар Сардорни гипс билан уйга қайтариб олиб келсам, дарвоза олдида раҳматли отам турибдилар. Ўғлимни дарвозадан киритгач, менга қарата қўлларидаги ўроқни кўтариб, «нимага болани бунча қийнайсан, каллангни оламан» деб қаттиқ гапиргандилар. Неварамни футболга бериб қийнаяпсан, дегандилар. Сардор жуда кўп марта гипсда қайтиб келганидан раҳматли отамнинг ичи ачирди. Лекин ўзлари ҳам футболни яхши кўрардилар.





















