Жамият | 10:39 / 04.12.2019
14843
1 дақиқада ўқилади

ДЙҲХХ ходимлари тунги вақтда ЙПХ масканларида махсус тадбирларни амалга оширмоқда

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Республика Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари тунги вақтларда йўл-патруль хизмати масканларида мунтазам махсус тадбирларни амалга оширишмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, узоқ масофаларга қатновчи транспорт воситалари тўхтатилиб, ҳайдовчилари билан профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда. Масканга қўйилган махсус монитор ва телевизорларда эса қоидабузарликларнинг аянчли оқибатлари акс эттирилган лавҳалар намойиш этилмоқда.

Йўл-патруль хизмати инспекторлари ҳар бир ҳайдовчи билан алоҳида суҳбатлашиш жараёнида унинг ҳолатига ҳам эътибор қаратишмоқда. Чарчаш аломатлари сезилган ҳолда ҳайдовчига бир оз дам олиш, очиқ ҳаводан нафас олиш, иссиқ қаҳва ичиш таклиф этиляпти. Бу тадбирлар республиканинг барча ҳудудларида ташкил этилган, дейилади маълумотда.

Билдирилишича, тадбирдан кўзланган асосий мақсад - ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид