Самжиёнда 4 минг оила истиқомат қилиши мумкин / EPA

Шимолий Кореяда замонавий цивилизация модели деб аталаётган янги Самчжиён шаҳрининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. 

«Баланд овоздаги «Ура!» ҳайқириғи жўрлигида Самчжиён маркази осмонини безатган салютлар отилди ва шарлар учирилди», — деб ёзади Кореянинг Марказий телеграф агентлиги.

Бинолар қурилишида меҳнат қилган қурувчи ҳарбийлар дивизияси маросим қатнашчилари қаршисидан саф тортиб ўтишди.

NK News порталида маълум қилинишича, маҳаллий ОАВда Ким Чен Ин шаҳар қурилишида фаол иштирок этгани, қурувчилар ва дизайнерларга кўрсатмалар бериб боргани ва об-ҳаводан қатъий назар қурилишга мунтазам равишда ташриф буюриб тургани таъкидлаб ўтилган. 

Корея марказий телеграф агентлиги (ЦТАК) маълумотига кўра, шаҳарда 4 минг оила яшаши мумкин, юзлаб гектар майдонда 380та мавзе, тоғ-чанғи трассаси, стадион ва бошқа турли объектлар жойлашган.

Аммо бундай намунавий шаҳар қурилишида мажбурий меҳнатдан фойдаланилгани ҳақида маълумотлар бор.

Давлат нашрлари кўтарган шов-шувларга асосланилса, ушбу шаҳар аҳолисининг асосий қисми қашшоқликда яшайдиган Шимолий Корея учун хос бўлмаган шаҳар бўлади.

Тоғ-чанғи трассасида одамлар шаҳар очилишини  нишонлашмоқда / EPA

NK News нашри мухбири Колина Звирконинг тасдиқлашича, Шимолий Корея учун ушбу шаҳар социализмда қурилган, замонавий цивилизациянинг тимсолидир.

«Бу ерда мамлакатнинг бошқа жойида учрамайдиган чиройли, тоза фасадлар, жимжимадор қилиб безак берилган бинолар мавжуд. Турист бу ерда Пхеньян ёки бошқа шаҳарлардаги хунук манзаралар билан тўқнашмайди», - деган у Би-би-сига.