The Wall Street Journal (WSJ) нашрининг 18 август куни америкалик амалдорларга таяниб хабар беришича, Доналд Трамп кузда Ким Чен Ин билан яна музокаралар столига ўтириш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Нашр манбаларига кўра, учрашув ноябр ойида Трампнинг АТЭС саммитидаги иштироки вақтида ташкил этилиши мумкин. Бироқ ҳозирча Вашингтон ва Пхенян ўртасида саммитни ўтказиш бўйича расмий тайёргарлик бошланмаган.
Трамп аввалроқ АҚШ ва Жанубий Корея ўртасидаги қўшма ҳарбий машғулотлар кўламини қисқартиришини маълум қилган, шунингдек, Ким Чен Инга тинчлик келишувига эришишни таклиф этган.
Ядровий музокаралар нега тўхтаб қолган?
Трамп ва Ким Чен Ин АҚШ президентининг биринчи президентлик муддати даврида уч марта юзма-юз учрашган. Томонлар ўртасидаги асосий музокаралар Шимолий Кореяни ядросизлантириш масаласига қаратилган эди.
2018 йил июн ойида Сингапурда ўтказилган илк саммит икки давлат муносабатларида тарихий воқеа сифатида баҳоланган. 2019 йил февралда Ханойда иккинчи саммит бўлиб ўтди. Аммо ушбу музокаралар санкцияларни юмшатиш ва Шимолий Корея ядро инфратузилмасини қисқартириш шартлари бўйича келишмовчиликлар сабаб натижасиз якунланди.
Трамп ва Ким 2019 йил июнида Корея яриморолидаги демилитаризация қилинган ҳудудда яна учрашди. Шунга қарамай, кейинчалик ядросизлантириш бўйича музокараларда жиддий силжиш кузатилмади.
WSJ қайд этишича, музокаралар тўхтаб қолган давр мобайнида Шимолий Кореянинг ядровий имкониятлари сезиларли даражада ошган.
Стэнфорд университетининг Хавфсизлик ва халқаро ҳамкорлик маркази эксперти Жеффри Люиснинг фикрича, Пхенян ихтиёридаги ядровий қуроллар сони ҳозир бир неча юзтага етиши мумкин.
Мутахассис бундай баҳони Шимолий Корея намойиш қилган юзлаб ракета учириш қурилмалари, шунингдек, мамлакатда плутоний ва юқори даражада бойитилган уран ишлаб чиқариш ҳажми ошиб бораётгани билан изоҳлаган.
Трамп аввал ҳам Ким билан учрашишга уринган
2025 йилда ҳам Доналд Трамп Осиёга сафари давомида Ким Чен Ин билан музокара ўтказиш истагини билдирган эди.
Америкалик амалдорларнинг айтишича, ўша пайтда Пхенян ҳам учрашувга тайёр эканини билдирган. Бироқ саммитни қисқа вақт ичида ташкил қилиш имкони бўлмаган.
Кейинчалик Трамп Ким Чен Ин билан эҳтимолий саммит унинг Жанубий Кореяда Хитой раҳбари Си Цзинпин билан ўтказилиши режалаштирилган учрашувини ахборот майдонида сояда қолдириши мумкинлигини айтган.
Агар ноябрдаги учрашув амалга ошса, бу Трамп ва Ким Чен Иннинг бир неча йиллик танаффусдан кейинги илк юзма-юз музокараси бўлади. Асосий масалалардан бири эса яна Шимолий Кореянинг ядро дастури бўлиши кутилмоқда.









