Тасодифан ижтимоий тармоқларда машҳурликка эришган ўзбекистонлик Умид Исабоев бугунги кунда Россия кино ижодкорлари томонидан суратга олинаётган катта бир сериалда бош роллардан бирини ижро этмоқда. Kun.uz мухбирлари Россияга сафар давомида Украина президенти Владимир Зеленскийнинг қиёфадоши билан учрашиб, суҳбат қурди. У ўз бошидан кечирганлари, машҳурликка олиб келган тасодиф, катта сериалдаги бўлажак қаҳрамони, суратга олиш жараёни ва келажакдаги режалари ҳақида гапириб ўтди.

Болалигимдан ҳунарга қизиққанман

Мен Наманган вилояти Чортоқ шаҳри Алихон қишлоғида туғилганман. Мактаб даврларимдан ҳунарга қизиққанман. Уйимизда машиналарни бўяйдиган автосервисимиз бўлар эди. Бир куни бобомнинг «Жигули» русумли машинасини уриб олиб, шуни тузатиш учун устахонага олиб борганман. Ана шу воқеадан кейин машиналарни тузатишга қизиқиб кетдим. Ўзимнинг соҳам шу автобўёқчи ҳисобланади. Аслида бобом катта уста бўлган. Туманимизда ҳам кўпчилик бобомни уста сифатида таниган. Ҳатто Тошкентда ҳам танишарди. 

«Тошкентда машҳур шарҳловчининг уйида яшаганман»

2002 йилда Тошкентга ишлагани келдим. Автосервисда ишлаб юрган пайтларим Хайрулла Ҳамидовнинг оталари Убайдулло ака билан танишиб қолганман. У киши жудаям яхши, ажойиб инсон эди. Шу инсон менга «мусофир экансан, водийдан келибсан», деб ўз уйидан жой берган. Ўзи оилада битта ўғилман. Мени ҳаёт ишлашга мажбур қилмаган. Ҳатто онамлар «айланиб келсанг бўлди, сенга пул топ демаймиз», дейишарди. Қишлоқдан чиққанимдан кейин ҳаётим Тошкентда кечди.

«Москвага саёҳат баҳона келганман»

Тошкентда ҳам, Москвада ҳам дўстларим кўп. Москвада ишлайдиган бир дўстим ўз ёнига чақириб қолди. Москвага саёҳат баҳона келиб қолганман. Шундан сўнг дўстимга ёрдамлашиб юрдим. Ишим бошлиқларига маъқул тушгандан кейин шу ерда қолишимни сўради. Унинг таклифини қабул қилиб, шу ерда ишлай бошладим. Ҳозир оилам, икки нафар фарзандим билан шу ерда яшаб, ишлаяпман. Илк келган вақтим ўзига яраша қийинчиликлар бўлган. Ҳужжат масаласида эмас-ку, меҳнатимдан фойдаланишган. Кўп алданганман. Қийинчиликларимни Худо кўриб турган экан, ҳаётим ўзгариб кетди.

«Ижтимоий тармоқлардаги расмимни менга уйдагилар юборишган»