Сардор Рашидов Вадим Абрамов мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий жамоасидан таклиф олмаган бўлса-да, «Қатар СК» сафида ўз голлари билан клуб мухлисларини қувонтирмоқда.

Kun.uz мухбири қисқа таътил вақтида Жиззахга келган Сардор Рашидов билан учрашиб, эксклюзив интервью олди. Суҳбат давомида футболга қадам қўйиши, қийинчиликлар, хориж клубларига ўтиши, фаолиятидаги хатолар, терма жамоага чақирилмаётгани ва мураббийлар ҳақида гапирди.

«Дадам боғчадан олиб, футболга олиб борардилар»

— Футболга кириб келишимда дадамнинг ҳиссаси катта. Ҳатто, боғчага борадиган вақтимда ҳам, тушликдан кейин мени футбол машғулотларига олиб борардилар. Адашмасам, 4-5 ёшимдан бошлаб футбол билан шуғуллана бошлаганман. Кейинчалик Жиззах вилоят биринчилигида Зарбдор тумани жамоасида тўп сурдим. Шундан кейин «Сўғдиёна» ёшлар жамоасига ўтдим ва профессионал фаолиятим бошланди. Ўшанда жамоага мени ҳеч ким таклиф қилмаганди, ёшлар жамоаси учун йиғин бўлган ва ўша йиғинга қатнашиб, бошқа ёшлар қатори иккинчи жамоага қабул қилингандим. «Сўғдиёна»да асосан ўринбосарлар сафида тўп суриб, асосий жамоада 2-3та ўйинда майдонга тушганман.

2009 йил «Бунёдкор» жамоаси ёшлар мураббийи Ҳикмат Эргашев Тошкентга таклиф қилганди. Дастлаб клуб ўринбосарлари сафида тўп сурганман. 2010 йил Миржалол Қосимов асосий таркибга жалб қилганди, аммо жароҳатим боис сафдан четдан қолдим ва 2013 йилдагина «Бунёдкор»нинг асосий таркибидан ўрин олдим.

«Ўшанда дадам футболни давом эттирасанми?» деб сўрагандилар...»

— 2010 йил жиддий жароҳат олганимда, дадам «футболни давом эттирасанми?» деб сўрагандилар. Албатта давом эттиришимни айтгандим. Ўзи кўп жароҳат олганман. Шунга қарамай, яхши футболчи бўлишга интилаверганман.

Ўзбекистон миллий жамоасидаги дебютимни ҳам яхши эслайман. 2013 йил Тошкентда Вьетнам миллий жамоасига қарши майдонга тушгандим. Ўйинда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганмиз, биринчи голни урганман. Жавоб баҳсида ҳам Вьетнам дарвозасига гол киритгандим.

2015 йилги Осиё Кубогини ҳам жуда яхши эсимда. Айниқса, Саудия Арабистонига қарши учрашувни бутун халқимиз кутган. Бу баҳсдан олдин Хитойга ютқазганимиз сабабли Саудияга қарши фақат ғалаба қониқтирарди. Ўша куни дубль қилгандим, гуруҳдан кейинги босқичга чиққанмиз. Аммо чорак финалда Жанубий Кореяга аламли тарзда мағлуб бўлгандик.