Кўпчиликда ногиронлиги бор инсонлардан ҳайиқиш, ўзини орқага тортиш одати бор. Стереотип шунчалик кучли шаклланганки, унинг ортига назар солишга ҳаракат қилиб кўрмаганмиз. Яъни имконияти чекланганлар оддий, ўзимиз қатори одамлар эканини унутиб қўямиз. Уларнинг дунёсига нигоҳ солганда, қанчадан қанча муаммо борлиги, ҳаттоки энг примитивлари ҳам ҳал этилмаётганини билиб оласиз.

Ногиронлиги бор фуқароларга ҳамма қатори имкониятлар бериляптими? Уларнинг фуқаролик ҳуқуқлари (масалан, ишлаш, ўқиш) ҳукумат тарафидан таъминлаб бериляптими? Албатта дейишдан олдин қуйидаги фикрларга эътибор қаратиш муҳим.

«Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган фуқароларнинг атиги 2 фоизи иш билан таъминланган»

Раъно Шодиева (Ногиронлиги бўлган болалар ва ёшлар республика маркази раҳбари):

– Ҳозирги кунда ногиронлиги бўлган фуқаролар 710 минг нафарни ташкил қиляпти. Улардан 101 минг 316 нафари болалар ва 300 мингдан ортиғи аёллардир.

Ногиронлиги бўлганлар чекланган ижтимоий инфраструктура, жумладан, маълумот олиш имконияти, ишга жойлашиш борасида дискриминация билан тез-тез тўқнаш келишади. Жамоатчилик стереотипи, таълим олиш, қарор қабул қилишдаги чекловлар ҳам шулар жумласидан.

Бу йил БМТнинг «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенциясини Ўзбекистон ҳукумати имзолаганига 10 йил тўлади. Айни вақтда ушбу ҳужжатни ратификация қилиш жараёнига тайёргарлик кўрилмоқда. Конвенциянинг реализацияси ногиронлиги бўлган шахсларга ўз имкониятларини тўла очиб беришга, ижтимоий ҳаётга мослашувига кўмак беради. Инклюзив таълим-тарбияни ривожлантириш орқали юқоридаги муаммоларни ҳал қилиш мумкин.

Фикримча, инклюзив таълим тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиш вақти келди. Инклюзив таълимнинг мақсади – ҳар бир инсон тенг ҳуқуқлилик асосида билим олиш имкониятини яратишдир. Ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашда республика бўйлаб 3 фоизлик квота ажратилган. Атиги 2 фоиз ногиронлиги бўлган фуқаролар иш билан таъминланган.

Ногиронлиги бўлган ёшларни иш билан таъминлаш бўйича давлат дастури ишлаб чиқилиши зарур. Уларга нисбатан жамиятни ривожлантиришда муҳим роль ўйновчи ресурс сифатида қарашни шакллантириш лозим.

«Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича қонунни ўқиб, ўзимни эртакка тушиб қолгандай ҳис қилдим»