Андижон вилояти, Асака тумани, Ахтачи саноат ҳудудидаги «Рашк Милк» корхонасига қарашли цемент заводини Хўжаобод тумани ҳудудига кўчириш ҳаракати бошлаб юборилган. Май ойидан қурилиш ишларига киришилди. Вилоят ҳокимлиги ёрдами билан Хўжаободда янги завод қуриш учун 40 гектар ер майдони ажратиб берилди. Айни пайтгача бу ерда саноат бинолари, 450 ўринли ётоқхона, 200 ўринли ошхона барпо этилди. 

«Қурилиш ишларига ҳозирда 100дан ортиқ техника воситалари жалб этилган. 

«Раш Милк» корхонаси 2003 йилда ташкил этилган бўлиб, даставвал сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланган. 2008 йилда эса қурилиш материаллари бозорига кириб борган. Ўша кезларда темир йўлга ва тегишли коммуникация тизимларига яқин жойда бўлсин деб айнан Ахтачида корхона томонидан цемент заводи барпо этилган эди. Лекин ҳозирги кунга келиб шаҳарга яқин жойда бундай корхоналарнинг фаолият юритиши, аввало, экологик нуқтайи назардан тегишли меъёрларга тўғри келмай қолмоқда. Шу боис «Раш Милк» раҳбарияти Ахтачидаги заводни қарийб 50 километр узоқроққа кўчиришга қарор қилди.

«Лойиҳа сметасига кўра, янги заводни бунёд этиш учун 110 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ишлатилади. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. «Халқ банки» эса 30 миллион доллар миқдорида кредит маблағини ажратиши лойиҳалаштирилган. Харажатнинг қолган қисмини ўзимиз қоплаймиз. Яъни, Ахтачидаги мавжуд ресурслар ва таъсисчи сифатида рўйхатга киритилган корхоналаримиз ҳисобидан 60 миллион долларни ўзимиз топамиз. Қолган 20 миллион долларни Хитойдан келган инвесторлар олиб киришади. Лекин улар таъсисчилар қаторидан жой олишмайди», дейди МЧЖ раҳбари Аҳлиддин Зокиров.

Шуни таъкидлаш керакки, янги завод айнан хитойликларнинг бевосита иштирокида қад ростлаяпти. 2020 йилда бу ерда 450 нафар хитойлик қурувчи меҳнат қилади. 

Шунингдек, 250 нафар маҳаллий ишчилар ҳам қурилиш ишларига жалб этилади. 2020 йил охирига бориб завод ишга тушган пайтда 800 киши иш билан таъминланади.