Жорий йилнинг 9 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти 2020 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу Ўзбекистон тарихида илк марта: яъни, давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ахборотлар батафсил баён этилган ҳолда илғор стандартларга мувофиқ тайёрланган қонун билан тасдиқланди.

Шу қонун ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлиш ва қатор саволларга жавоб олиш мақсадида Молия вазирлиги бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Шерзод Муҳамедов билан суҳбатлашдик.

Шерзод Дилмуродович, айтингчи, 2020 йилда бюджет жараёни иштирокчилари ўртасида бюджет ваколатлари қандай тақсимланади?

Саволингиз учун раҳмат. Тўғри, 2020 йилдан бошлаб давлат бюджети мамлакатимизда илк бор қонун сифатида тасдиқланди. Яъни ушбу қонуннинг тасдиқланиши тўғрисида давлат бюджети иштирокчиларининг ваколатларига сезиларли даражада ўзгартиришлар киритилган. Яъни, ушбу қонунда кўришингиз мумкинки, 2020 йилдан бошлаб давлат бюджетининг назорати, давлат бюджетини тузиш, давлат бюджети маблағларини тақсимлаш, тасдиқлаш Олий Мажлис палаталари ваколатларига ўтмоқда. Шу билан бирга, эндиликда давлат бюджети харажатлари соҳалар кесимида эмас, вазирлик ва идоралар кесимида тасдиқланган. Шу жумладан, кўришингиз мумкинки, ушбу қонуннинг 5-иловасига мувофиқ, республика бюджети харажатлари 56та вазирлик ва идоралар кесимида тасдиқланган бўлиб, бунинг ичида ҳам ушбу вазирликнинг жорий харажатлари (жорий харажатлар деганда биз вазирликнинг иш ҳақи, унга тенглаштирилган тўловлари, коммунал тўловлари, сақлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар ҳамда ушбу вазирлик қошидаги ташкилотларнинг капитал қурилиш харажатлари, яъни инвестиция харажатлари)ни ҳам алоҳида кўришингиз мумкин бўлади.

Бюджетнинг қонун шаклида тасдиқланишига нима сабаб бўлди? Шу ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз.

— Тўғри. Хабарингиз бор, авваллари бизларда давлат бюджети президент қарори кўринишида тасдиқланар эди. Жорий йилдан бошлаб илк марта қонун сифатида тасдиқланмоқда. Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 22 августдаги ПҚ-3917-сонли қарорида 2020 йилдан бошлаб давлат бюджети қонун сифатида тасдиқланиши белгилаб қўйилган. Мисол учун, барча ривожланган давлатларда давлат бюджети қонун сифатида тасдиқланиши ўрганилди. Ушбу қонунни ишлаб чиқиш жараёнида халқаро молия институтлари, шу жумладан, Халқаро валюта жамғармаси экспертлари билан бирга ушбу қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва тўлиқ халқаро стандартлар талабларига жавоб бериши халқаро экспертлар томонидан ҳам таъкидланди.