Хитойнинг иқтисодий ўсиши ва унинг иш олиб бориш усуллари дипломатик, савдо ва технологик алоқаларни хавф остида қолдиряпти, деб ёзади Financial Times.
Октябрь ойида Хитой Халқ Республикасининг 70 йиллик байрами тантаналарига бошчилик қилган Си Цзиньпин анча кўтаринки кайфиятда эди.
«Беш минг йилдан ортиқроқ шавкатли тараққиёт йўлини босиб ўтган мамлакатимиз келгуси икки асрлик мақсадларига эришиш ва буюк Хитой миллий янгиланиш орзусини амалга ошириш йўлида ҳам ўз тарихи солномасига яна бир ёрқин зарварақни битиб қўяжак», – деди республика етакчиси.

Фото: AFP
ХХР раисида бундай баланд нотада гапириш учун сабаблар етарлича. Хитойнинг 14 триллион долларлик иқтисодиёти фақат АҚШдан ортда қоляпти. Standard Chartered`га кўра, Хитой харид қобилияти паритети бўйича келаси йилнинг ўзидаёқ биринчи ўринга чиқиб олади. Ўртача ҳисоб-китобларга қараганда, Хитой иқтисодиёти 2030 йилда АҚШдан ўзиб кетиши кутиляпти.
McKinsey консалтинг фирмасига кўра, Хитой – дунёда энг кўп товар айирбошловчи мамлакат. Бу йилги Global Fortune 500`га киритилган субъектларнинг 20 фоизидан кўпроғи – Хитой ва Тайван компанияларидир.
Қолаверса, Хитой – тўғридан тўғри инвестиция киритиш ва жалб этиш бўйича энг юқори кўрсаткичга эга икки давлатдан бири; тадқиқот ва ишланмалар учун маблағ ажратиш бўйича эса дунёда иккинчи ўринда туради – ўтган йили бу йўналишда қарийб 300 млрд доллар сарфланган.
Халқаро ташкилотлар бошқарувида ҳам ушбу мамлакат вакиллари етарлича. Масалан, Халқаро телекоммуникациялар иттифоқини хитойлик мулозим бошқармоқда; ўтган йилга қадар Интерпол раҳбари ҳам хитойлик эди.
Бир пайтлар гаджетларнинг арзон кўчирма вариантларини ишлаб чиқариб юрган Хитой ҳозир технологиялар борасида АҚШ билан рақобатлашмоқда. Бу эса сунъий идрок, бешинчи авлод телекоммуникация тармоқлари каби соҳаларда қуролланиш пойгасини юзага келтирди.




















