Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Маҳсулот ва хизматлар экспорти 20 фоизга ўсишини таъминлаш бўйича кўрсатма берилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз иқтисодиёти ривожланишининг жорий йилда кутилаётган натижаларини кўриб чиқиш ва 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш вазифаларини белгилашга бағишланган йиғилиш ўтказди.
Тадбирда йил якунигача қолган қисқа вақтда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар муҳокама этилди. Хусусан, тармоқ корхоналарида мавжуд захираларни сафарбар қилиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, нефть-газ, электр энергетикаси, кимё саноати ва бошқа йирик корхоналарнинг солиқ қарздорлигини бартараф этиш бўйича вазифалар белгиланди.
Инвестицияларни ўзлаштириш ҳолати ҳам таҳлил қилинди. Давлат раҳбари 31та лойиҳа бўйича қолоқликка йўл қўйилгани, 8та ҳудудий лойиҳа самарасиз деб топилганини кўрсатиб ўтди.
Йиғилишда иқтисодиётда 2020 йил учун белгиланган асосий режаларни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Келгуси йилда ялпи ички маҳсулот 5,5 фоизга, саноат 6,5, қишлоқ хўжалиги 4 ва хизматлар 5,7 фоизга ўсиши прогноз қилинган.
Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банкка ушбу кўрсаткичларга эришишда юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ҳозирдан тўғри баҳолаб, барча идоралар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш юзасидан топшириқлар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигида катта резервлар борлиги, бу соҳа орқали тўқимачилик, озиқ-овқат ва чарм-пойабзал саноати, қайта ишлаш тармоқларини жадал ривожлантириш мумкинлигини таъкидлади. Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида келгуси йили амалга ошириладиган чора-тадбирлар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти тингланди.
Саноат тармоқлари, энг аввало, металлургия, нефть-газ ва кўмир қазиб олиш, кимё, қурилиш материаллари, автомобилсозлик саноатини барқарор ривожлантириш ҳисобига тайёр маҳсулотлар ҳажмини ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига иқтисодиёт тармоқларини кафолатланган ресурслар билан таъминлаб, кейинги йилда уларнинг барқарор ишлашига замин яратиш вазифаси қўйилди.
Жаҳонда рўй бераётган турли иқтисодий зиддиятлар таъсирига эътибор қаратилар экан, келгуси йил мураккаб ва синов йили бўлиши таъкидланди. Зарур чоралар кўриб, маҳсулот ва хизматлар экспортининг жорий йилгига нисбатан камида 20 фоизга ўсишини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Ички бозорни истеъмол товарлари билан тўлдириш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг асоссиз ўсиб кетишининг олдини олиш, бунинг учун маҳсулот етиштирилишидан қайта ишланиб, бозорда сотилгунча бўлган жараённи тўлиқ қамраб олган ҳолда назорат қилиш бўйича масъуллар белгиланди.
Режалаштирилган 201та муҳим инвестиция лойиҳасини ўз вақтида ишга тушириш, шунингдек, 2020-2022 йиллар учун мўлжалланган Инвестиция дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш орқали келгуси йили 400 мингга яқин иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга шу борадаги ишларни тизимли ташкил этиб, белгиланган режаларни сифатли бажариш бўйича топшириқлар берди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича ҳисоботлар тингланди, зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Мавзуга оид
16:03 / 12.07.2024
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ярмини туман бюджетида қолдириш масаласи кўриб чиқилади
14:15 / 12.07.2024
Қувасойдаги 12 минг гектар ери бўлган 616 та фермернинг ер солиғи ярмига камайтирилади
14:08 / 12.07.2024
“Камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя Ижтимоий ҳимоя агентлиги тизимида бўлади” – президент
08:25 / 12.07.2024