Жамшид Қўчқоров: «Миллионлаб ёшларимиз ишчи касблар малакасига эга эмас»
Молия вазири Жамшид Қўчқоров Тошкентдаги «Ишга марҳамат» мономарказида ўтказилган очиқ чемпионат очилиш маросимида Ўзбекистонда ишчилар малакасини ошириш аҳамияти борасида нутқ сўзлади.
«Ёшларни меҳнат бозорида талабгир касбларга ўқитиш президент томонидан алоҳида вазифа қилиб қўйилган. Шу мақсадни амалга ошириш, жаҳон тажрибасидан фойдаланган ҳолда, World Skills International ассоциациясига қўшилишга қарор қилдик.
2019 йил 13 майда «Меҳнат бозорида талаб юқори бўлган малакали кадрларни касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 394-сонли қарори қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида ишчи касбларни янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилди. Давлат бюджетидан тегишли маблағлар ажратилди. Ушбу уюшмага қўшилиш орқали сифатли ва малакали ишчи қатламига эга бўламиз ва бу соҳада барқарор тизимни йўлга қўйишга эришамиз.
Мамлакатимизда миллионлаб ёшлар ишчи касблар малакасига эга эмас. Афсуски, меҳнат анъаналари йўқолиб кетди. Замон шиддат билан ўзгариб кетяпти. Шунга монанд малакали ишчи кадрларга муҳтожмиз. Ҳукумат ёшларни касбга ўқитиш бўйича катта ресурс сарфламоқда. Чемпионат орқали ёшлар онгида маълум билимга эга бўлган қадр ҳар ерда ўз ишини топиб кетиши ва юқори маошга эга бўлиши ғояси шаклланишини хоҳлардик. Ҳеч қандай малакага эга бўлмасдан Россия ва бошқа хориж давлатларига боргандан кўра шу ерда талабгир ишчи бўлиш афзалдир», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Бундан аввалроқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Эркин Муҳитдинов Ўзбекистон фуқароларига 85та давлатда ишлаш ҳуқуқини берувчи малака паспорти берилиши мумкинлиги ҳақида гапиргани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
13:25 / 19.10.2024
Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи” унвони берилди
08:50 / 12.10.2024
«2025 йилда энерготарифлар ислоҳотининг асосий босқичи якунланади» — бош вазир ўринбосари
22:19 / 11.10.2024
Ўзбекистон 2027-2028 йилларда электр ва газ улгуржи бозорига ўтишни якунлайди – Жамшид Қўчқоров
14:16 / 03.06.2024