Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов билан «Давлат қарзи ва иқтисодий тараққиёт» мавзусида суҳбат уюштирди. Вазир ўринбосари интервью давомида халқаро молиявий институтлар томонидан бугунги кунда Ўзбекистондаги ислоҳотларга қандай ёрдам кўрсатилаётгани ҳамда бугунги кунда Ўзбекистон олаётган катта қарзлар келажакда қандай қайтарилиши ҳақидаги саволларга жавоб қайтарган.
— Сизнингча, ХВФ ва Жаҳон банки Ўзбекистоннинг ҳозирги ислоҳотларига етарлича ёрдам беряптими? Берилаётган молиявий ёрдам камдек кўринмаяптими? Биз кўп пул сўрамаяпмизми ёки улар бермаяптими?..
— Менинг назаримда етарлича ёрдам бериляпти. Асосий ёрдам - техник кўмак бўлмоқда. Айниқса Халқаро валюта жамғармаси томонидан фискал ва монетар сиёсат учун кўрсатилаётган кўмак биздаги тизимни, методологияни, инсонларнинг кўникмаларини оширишга ёрдам беради. Жаҳон банки ҳам техник кўмак кўрсатмоқда.
Қолаверса, молиявий кўмак ҳам берилмоқда. Хусусан, 2019 йилда берилган кредит суммаси бўйича минтақада (Шарқий Осиё ва Марказий Осиё) Туркиядан сўнг иккинчи ўринда турамиз. Ҳозирда Ўзбекистонга ёрдам бериш борасида Жаҳон банки Осиё тараққиёт банкидан кейин иккинчи ўринда турибди ва унинг ёрдам портфели миқдори шу пайтгача бўлган вақт давомида 3 млрд долларга етиб қолди. Бу - лойиҳаларнинг ўзлаштирилган қисми. Лойиҳалар жами 6-7 миллиард доллардан кўп. Осиё тараққиёт банки эса 4 млрд долларга яқин. Бу ҳам ўзлаштирилган қисми.
Бу катта сумма. Бизнинг ЯИМ 2018 йилда 50 миллиард доллар, 2019 йилда 60 миллиард доллар. 3 миллиард доллар Ўзбекистон ЯИМининг 5 фоизи деганидир. Шу томондан қараганда бу катта сумма. Биз 10 миллиард доллар қарз олишимиз ҳам мумкин, лекин биринчи навбатда сифатга эътибор беришимиз муҳим.
— Давлат молиясида пул кўпроқ бўлгани яхшими ёки йўқми? Негаки, АҚШда консерватив иқтисодчиларда давлатда керагидан кўп пул бўлса, бу ёмон ишларни бошлаб юбориши мумкин деган тушунча бор. АҚШ контекстида бу уруш ва ҳоказоларни англатади. Ривожланмаган мамлакатларда пул кўпайиб кетиши коррупция урчиши, ҳар хил саройлар қурилишига олиб келади. Шу маънода, ҳозир бизда пул кўп бўлса, уни қаерга ишлатишни биламизми, ёки бизда пул кўп бўлмагани маъқулми?
— Сўнгги уч йилда инвестициялар ҳажми ошди, кредитлар олиниши ҳам ошди. Бу маълумотлар ошкор қилиб келинмоқда. Умуман олганда рақамлар анча юқори. Масалан, давлат қарзини айтадиган бўлсак, давлат кафолатлаган қарзи ва давлат тўғридан-тўғри олган қарзи 2019 йил 1 июль ҳолатига кўра 13,174 млрд долларни ташкил қилди. Бу ЯИМга нисбатан 23,2 фоиз. Бу кўп эмас, мўътадил. Лекин ўтган йил охирида 9,8 млрд доллар эди. Демак, 6 ой мобайнида давлат олган кредитлар миқдори 3,4 млрд долларга ўсди.
















