«Мактабни битирган бола ишли бўлса Россияга кетмайди» — Шерзод Шерматов хизматлар экспорти бўйича таклифлар берди
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистоннинг географик жойлашувидан келиб чиқиб, хизматлар экспортига кўпроқ эътибор қаратилиши керак деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у «Янги Ўзбекистон – янги сайловлар» ток-шоусининг 18 декабрь кунги сонидан кейин Kun.uz мухбири билан суҳбатда айтиб ўтди.
«Ўзбекистоннинг географик жойлашувидан келиб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистон «double landlocked» давлат, яъни океанга чиқиш учун камида иккита давлатни кесиб ўтиш керак. Энди бу давлатлар қўштирноқ ичида гапирадиган бўлса, «жуда тинч давлат», масалан, Афғонистон, Покистон. Ёки Қозоғистон, Россияга ўхшаган «жуда кичкина давлатлар». Яъни исталган катта ҳажмдаги экспортимиз қимматга тушади. Маҳсулотларнинг транспорт харажатлари ошиб кетади.
Шунинг учун биз нима қилишимиз керак?
Кўпроқ хизматлар экспортига эътибор қилишимиз керак. Масалан, IT-хизматлар деймиз, ёки бошқа хизматлар – булар ўзининг транспорт харажати деярли йўқ. Ана шунинг учун бу нарсага эътибор қаратишимиз керак.
Иккинчиси – инглиз тили. Хорижий тилни билганингиздан кейин албатта экспортингиз осон бўлади. Мана президентимиз IT-паркка бордилар. У ерда Ўзбекистон компаниялари Америкага экспорт қиляпти. Унга олий маълумот ҳам керакмас. Ҳозир мактабларимизда уларнинг тайёрлов базаларини очиш бўйича ҳам ишлаяпмиз.
Яъни, бола инглиз тили ва компьютерда ишлашни билса, бемалол у ўша ишга кирганидан кейин камида 400-500 долларлик иш топиши мумкин. Масалан, мактабни битирган бола 300-400 доллар топадиган бўлса ҳам у ана шу ердан туриб, бемалол хизматини кўрсатиши мумкин. У Россия ёки Қозоғистонга кетаман деб ўйламайди», дейди Шерзод Шерматов.
Вазир янги парламентдан бюджетни тасдиқлаш жараёнида «бюджетнинг ичига кўпроқ кириш» ва таълимга кўпроқ эътибор қаратишни кутаётгани ҳақида ҳам гапирди.
«Янги парламентдан бюджетни тасдиқлаш жараёнида «бюджетнинг ичига кўпроқ кириш»ни кутяпмиз албатта. Охирги парламентда жуда бир ижобий ҳолат бўлди. Парламентдагилар «э, мактабга ажратилаётган пул камку, мактабларни жиҳозлашда жуда кўп муаммолар бор – парта етишмайди, доска етишмайди, келинглар, жуда бўлмаса, 50 миллиард сўм қўшимча ажратайлик» дейишди. Бу тарихий ҳолат бўлди. Бундай қарасангиз, 18 триллионлик таълим тизими учун 50 миллиард унақа каттамасдир. Лекин тарихий прецедент бўлди.
Мана шу прецедентни умид қиламан, кейинги парламент ҳам кўриб, «таълимда 6 миллиондан ортиқ ўқувчимиз бор экан, бир ўқувчи бошига мана бунча пул тўғри келяпти. Яхши таълим деяпмиз. Яхши таълим хусусий мактабда ҳам бир ўқувчи ўрнига мана шунча бўлиб турибди. Бир неча баравар фарқ қиляпти. Қани, энди қўшимча яна қаердан ҳаракат қилсак бўлади, деб доимий муҳокамада бўладиган нарса.
Чунки устуворликлар кўп. Шунда парламент муҳокама қилиб, устуворликларни аниқлаб, масалан, биз таълим соҳаси бўлганимиз учун албатта таълим соҳасига кўпроқ бўлишини хоҳлаймиз. Лекин худди шундай бошқа одамлар йўлни хоҳлаши мумкин, сув муаммоси бор. Шунинг учун осон бўлмайди. Лекин биз ўзимизнинг соҳамиз нуқтайи назаридан парламентда таълимга кўпроқ эътибор қаратилса, миннатдор бўлар эдик», дейди Шерзод Шерматов.
Мавзуга оид
14:40 / 24.10.2024
“Кўпроқ инглиз тилида контент қилинг” – Шерзод Шерматов ўзбек ютуберларига кўпроқ даромад олиш учун тавсия берди
18:24 / 15.03.2024
Чет тилини биладиган ёшларнинг юқори маошли ишга жойлашишига ёрдам берилади
09:05 / 15.03.2024
“Америкага қилинган умумий экспортнинг ярмидан кўпи IT кесимига тўғри келади” – Шерзод Шерматов
12:12 / 05.01.2024