17 декабрь куни Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида Шерзод Қудратхўжаев сайловчилар рўйхатида кузатилаётган чалкашликлар, хусусан, айрим фуқароларнинг исм-шарифи ўзлари умуман бормаган, яшамаган ҳудудлардаги сайловчилар рўйхатидан чиқаётганига тўхталиб ўтди.

«Ижтимоий тармоқда кўрдикки, Сурхондарёнинг Шўрчи туманида доимий рўйхатда турган фуқаронинг исми-шарифи Узун туманидаги 733-сайлов участкаси сайловчилари рўйхатидан чиққан. Бу фуқаро умрида бу жойга бормаган экан. Бу кичкина камчиликдай кўриниши мумкин, лекин бу каби чалкашликлар, хатолар жамоатчиликнинг муҳокамаларига, ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Юртдошларимиз сайловчилар рўйхати уйма-уй юриб шакллантирилган бўлса, қаердан пайдо бўлди, деб сўрашмоқда», дея Марказий сайлов комиссияси аъзоси Шерзод Қудратхўжаевнинг сўзларини келтирган Kun.uz мухбири.

Берилган маълумотларга кўра, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида эълон қилинган сайловчилар сони 20 миллион 503 минг 462 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 10 147 772 нафари эркаклар, 10 355 690 нафари аёл сайловчилардир. Сайловчиларнинг 1 721 358 нафари ёки 8,4 фоизи хорижий давлатларда тузилган 55та сайлов участкаларига бириктирилган. Қолган қисми республикамиз ҳудудидаги 10 260та сайлов участкаларидан бирида овоз бериши кутилмоқда.

Тадбирда Марказий сайлов комиссияси ижтимоий тармоқларда айрим депутатликка номзодларнинг плакатларидаги қўпол хатолар ҳақидаги чиқишларни, уларга нисбатан юртдошларимизнинг билдирган муносабатларини ҳам кузатиб бораётгани ва тарғибот плакатларида йўл қўйилган бундай камчиликларни кескин қоралаши маълум қилинди.

Маҳмуд Истамов

«Бу сиёсий партиялар томонидан ҳам, депутатликка номзодлар томонидан йўл қўйилган хатолик эмас, сайловчига бўлган ҳурматсизлик деб баҳолаймиз. Жорий йил сайловларига шунча катта тайёргарлик кўрилиб, уни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун бутун жамият сафарбар этилган, сайловчиларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ҳуқуқий маданияти юксалиб, талаблари ортиб бораётган бир пайтда бир қарашда арзимас, бироқ инсонни, сайловчини кайфиятига салбий таъсир этиши мумкин бўлган бундай ҳолатларга йўл қўйилишини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Бу масалада биз партиялар билан боғландик. Улар камчиликлар бартараф этилгани тўғрисида маълумот беришди. Шунга қарамасдан бу масала ижтимоий тармоқларда анча-мунча муҳокама мавзусига айланиб бўлган эди. Албатта аминманки сайловчилар сайлов куни бундай ҳолатларга йўл қўйган партия ва номзодларга нисбатан ўзининг кескин муносабатини билдиради», дейди МСК раиси ўринбосари Маҳмуд Истамов.