Президент матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг Нагоя университетидаги учрашувдаги нутқини тўлиқ ҳолда келтирди.

Муҳтарам Мацуо жаноблари!

Ҳурматли профессорлар ва талабалар, университет жамоаси!

Хонимлар ва жаноблар!

Аввало, Нагоя университети президентининг самимий дил сўзлари ва эзгу тилаклари учун чин қалбимдан ташаккур изҳор этаман. 

Ўйлайманки, менинг Президент сифатида мамлакатингизга илк ташрифим ҳақида билдирилган фикрлар, мана шундай эътибор, бир-биримизга ҳурмат, илиқ муносабат ҳақиқатан ҳам Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, келгусида катта натижаларга эришиш йўлида ишончли замин яратади.

Биз Нагоя университетини дунёдаги энг нуфузли илм-фан ва таълим масканларидан бири сифатида эътироф этамиз.

Нобель мукофоти совриндорлари Рёжи Ноёри, Осаму Симомура, Макото Кобаяси, Тосихиде Маскава, Исаму Акасаки, Хироси Амано ва бошқа машҳур олимларни етиштириб берган ушбу университетнинг фахрий доктори деган юксак шарафга муносиб кўрилганимдан ғоятда хурсандман. 

Бу унвонни мен аввало Ўзбекистон халқига кўрсатилган эҳтиром ифодаси, деб қабул қиламан ва бунинг учун Нагоя университети раҳбариятига, унинг илмий жамоасига чуқур миннатдорчилик билдираман.

Мен Нагоя университетининг фахрий доктори сифатида Ўзбекистонда унинг улкан илмий салоҳияти ва ютуқларини кенг тарғиб ва ташвиқ қилишга, таъбир жоиз бўлса, ушбу университетнинг ишончли вакили сифатида иш олиб боришга ҳаракат қиламан.

Бутун жаҳонга машҳур Нагоя шаҳри ҳақида халқ орасида шундай ибора бор экан: “Нагоя қалъаси бўлмаганида Нагоя шаҳри ҳам бўлмас эди”. Мен бунга қўшимча қилиб: “Нагоя университетисиз Нагоя шаҳрини ҳам тасаввур этиб бўлмайди”, деган бўлардим.

Маълумки, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар кўп асрлик тарихга эга. Япониянинг машҳур Нара шаҳри музейида сўғд ёзувида битилган ёдгорликлар борлиги буни яққол тасдиқлайди.

Япон археологи, марҳум профессор Като томонидан Кушон подшоҳлигининг дастлабки пойтахти бўлган Ўзбекистондаги Далварзинтепадан топилган будда ибодатхонаси ва қирққа яқин ҳайкаллар япон ва жаҳон илмий жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотиб келмоқда.