Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифи асосий тадбирлари 19 декабрь куни Токиода бўлиб ўтди.

Кантэй қароргоҳида расмий кутиб олиш маросими бўлди. Ўзбекистон раҳбарини Япония Бош вазири Синдзо Абэ кутиб олди. Улар давлат байроқлари олдида қўл бериб кўришди.

Давлат мадҳиялари янгради. Шавкат Мирзиёев ва Синдзо Абэ олий мартабали меҳмон шарафига саф тортган фахрий қоровул олдидан ўтди. Уларга делегациялар таништирилди.

Шавкат Мирзиёев ва Синдзо Абэ олий мартабали меҳмон шарафига саф тортган фахрий қоровул олдидан ўтди.

Шундан сўнг икки мамлакат делегациялари иштирокида музокара ўтказилди. 

Япония ҳукумати раҳбари Президентимизни самимий қутлар экан, ушбу ташриф «Рэйва» («Гўзал уйғунлик») даврининг биринчи йилида ўтаётганини алоҳида таъкидлади.

Токио мамлакатимиз билан дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратаётгани қайд этилди.

Синдзо Абэ Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни юксак баҳолади ва уларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. Давлатимиз Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни жонлантиришга фаол ҳисса қўшаётгани таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, Япония ҳукумати раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, япон халқини «Рэйва» даври бошлангани билан табриклади.