Kun.uz сайти 2020 йил 1 январдан бошлаб кутилаётган айрим ўзгаришларни эътиборингизга ҳавола этади.
Боди-камераларга оид қарор кучга киради

2020 йил 1 январдан бошлаб, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сонли қарори билан тасдиқланган «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида»ги низомнинг 18-банди тўртинчи хатбоши кучга киради.
Унга кўра, эндиликда йўл ҳаракати қатнашчилари (ҳайдовчи ва пиёдалар) ЙПХ ходимлари билан ўзаро муносабатларда хизматни мобиль видеокамерасиз олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эга бўлади.
Маълумот учун, ушбу қоида 2019 йил 1 июлидан бошлаб кучга кириши лозим эди. Бироқ, Мудофаа саноати давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан йўл қўйилган ортиқча сансалорлик ва бюрократизм сабаб соҳа ходимлари боди-камералар билан ўз вақтида таъминланмаган, Вазирлар Маҳкамасининг 3 июлдаги 556-сонли қарори билан бу тартибнинг кучга кириши кечиктирилган эди.
ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи ставкалари пасайтирилади
Президентнинг жорий йил 4 октябрдаги қарори билан, 2020 йил 1 январдан бошлаб:
- республика, вилоятлараро ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан 3 бараваригача, вилоят ННТ учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан 1 бараваригача пасайтирилади.
- фаолиятини туман (шаҳар), шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган ННТ давлат рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгиланади.
- ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга давлат грантлари, субсидиялар ва ижтимоий буюртма шаклидаги маблағлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳар бюджети, шунингдек, туман ва шаҳарлар бюджетларининг харажатларига қўшилади.

















