Ўзбекистон | 10:25 / 25.12.2019
48203
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон темир йўллари» янги метро бекатлари қачон фойдаланишга топширилиши бўйича изоҳ берди

Тошкент шаҳрида метрополитен объектлари лойиҳанинг амалга ошириш режаси, қурилиш нормалари ва техник талаблар асосида фойдаланишга топширилади.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Ахборот-таҳлил медиа-маркази ОАВда 18 декабрь куни Юнусобод метросининг янги линиясида рўй берган фожиа ортидан бу қурилиш жараëни янада жадаллашгани, метро бекатлари 28 декабрь куни очилиши режалаштирилаётгани ҳақида тарқалган хабарларни рад этиб чиқди.

«28 декабргача Юнусобод станцияси устини бетон қоплама билан ëпиш тугалланиши керак эди. Ҳозир шошиб-пишиб шунга ҳаракат кетяпти. Муддат 28 декабрь эди, шундай қолади, дейишди. Президентга ҳисоб бериш керак экан», дейилганди ОАВда тарқалган хабарда.

«Ўзбекистон темир йўллари» хабарида Тошкент шаҳридаги Сергели метро йўналишидаги қурилиш ишлари ва Юнусобод йўли қурилишининг иккинчи босқичи давом этаётгани, объектлар лойиҳаси амалга ошириш режаси, қурилиш нормалари ва техник талаблар асосида фойдаланишга топширилишини, шунингдек, айрим оммавий ахборот воситалари хабар берганидек 28 декабрда очилмаслиги маълум қилинган.

Қайд этилишича, қурилиш ишлари кетаётган ҳудудларда қурилиш техникаларининг кўпайиши, ёғингарчиликсиз, ҳаво очиқ бўлган кунларда ишни тўғри ташкил этиш билан боғлиқ.

Эслатиб ўтамиз, 18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг Туркистон бекати қурилаётган ҳудудда ер ўпирилиши юз берган, 6 киши тупроқ остида қолиб кетганди. Вазирлар Маҳкамаси фармойиши билан ҳодиса сабаблари ва оқибатларини ўрганиш ҳамда зудлик билан бартараф қилиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилган, ҳалок бўлганларнинг оилаларига 100 миллион сўмдан компенсация тўлаб берилган, прокуратура ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғаган.

Мавзуга оид