Бу йилги парламент сайловлари қарийб ўтиб бўлди. Бир неча кундан сўнг яна 25та округда сайловларнинг иккинчи тури ўтказилади ва янги парламент шакллантирилади.

Шахсан мен, ўзим қатнашган Самарқанд шаҳрида сайловлар аввалги йилларга қараганда бирмунча ҳалол ўтди, деб ҳисоблайман. Бунга сабаб — шаҳардаги икки округда ҳам ғолибни аниқлаш иккинчи турга қолди. Сайлов участкаларидан бирида ўзим кузатган саноқ жараёнида ҳам номзодлар қарийб тенг овоз олишганига гувоҳ бўлдим.

Албатта, бунда шаҳарга кўп сонли хорижий кузатувчилар ташриф буюргани, сайловлар маҳаллий нашрлар ва блогерларнинг диққат марказида тургани ҳам рол ўйнади.

Бироқ ҳеч ким чекка туманларда ҳам шундай бўлди, деб айта олмаса керак. Келинг, қишлоқ туманларидаги энг кўп эътирозлар қай жиҳатга бўлганига эътибор қаратайлик. Сайловларнинг энг катта камчилиги нимада бўлди?

1. Тошкентда туғилиб ўсган, аввалги чақирувда депутат бўлиб сайланган айрим номзодлар туманларда биринчи турдаёқ ғолиб бўлгани катта эътирозларга сабаб бўлди. Чунки, одамлар ўша ғолиб номзодлар туманга бориб аҳоли билан бирор марта ҳам учрашмаганини ёзишмоқда.

2. Ёки ўша туманга алоқаси бўлмаган номзоднинг ўша тумандаги 4 номзоддан яққол устун келишини ҳам изоҳлаб бўлмайди. Бунга Чироқчи, Бешариқ, Тойлоқ ёки Оқдарёда кузатилган ҳолатларни мисол қилиш мумкин.

Бу ҳол — маҳаллий ҳокимликларнинг сайловга маъмурий-буйруқбозлик усули билан аралашгани ҳақидаги гумонларни дастаклайди. Энг қизиғи, ҳокимлар муайян партияга ён босишаётгани йўқ — ўзлари қўллаётган номзоднинг қайси партияга мансублиги уларга муҳим эмас.

3. Яна бир (энг катта!) муаммо участка сайлов комиссиясида ишлаганлар томонидан маълум қилинди. Уларга баённомаларга ҳақиқий ҳолатни ёзиш тақиқланган. Баённомаларни тўлдириш учун округ сайлов комиссиясига таклиф этилгани ва унда раҳбарлар истаган рақамлар ёзилгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Бундай ҳолатлар айрим жойларда ўз исботини топди.

Шунингдек, жойларда кузатувчиларга сайлов жараёни ва саноқ жараёнини видеосъёмка қилишга монелик кўрсатиш ҳоллари кўплаб учрагани ҳам таассуфли. Бундай ишларга фақатгина демократиянинг душмани бўлган инсонлар қодир бўлишади.

Сайловда энг катта муаммо сайловчиларни сайловга жалб қилиш экани намоён бўлди. Аввалги сайловларда 90-95 фоизлик давоматларга гувоҳ бўлардик. Бу сафа давомат 71 фоиз атрофида (Ўзбекистон ичида) бўлгани эълон қилинди.

Узоқ туманлардаги айрим сайлов участкаларида чиндан ҳам шу рақам қайд этилгандир, лекин 71 фоиз ҳам ҳақиқатдан йироқ рақам. Ўзим саноғида иштирок этган Самарқанддаги 123-сайлов участкасида давомат 36,6 фоиз бўлганига гувоҳ бўлдим.