Ўзбекистон | 13:14 / 27.12.2019
35031
3 дақиқада ўқилади

«Жилов ўз қўлимизда». Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатдаги айрим жиҳатларга тўхталди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва музейни бориб кўрди.

Давлат раҳбари шу ерда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, ёш ижодкорлар билан мулоқот қилди.

Президент мамлакат ташқи сиёсатидаги айрим жиҳатларга тўхталиб ўтди:

«Изланишдамиз, ниятимиз шундаки, иложи борича... Мана, биз катта-катта интеграцияларга қўшилмоқчимиз. Ҳамма ҳар хил айтяпти: мустақилликни бериб қўямиз... 

Ҳеч ким ҳеч қачон мустақилликни, ўзбек миллати, ким бўлишидан қатъи назар энди бермайди.

Боболаримиз бошлаб берган кураш ҳозир ҳам давом этади. Лекин жилов ўзимизнинг қўлимизда. Биз бозор иқтисодиётида манфаат нуқтаи назаридан қайси йўл тўғрилигини ҳисоб-китоб қилишимиз керак. Ҳар куни.

Албатта, бизнинг энг катта ҳаракатимиз - энг маъқул, энг тўғри иқтисодий манфаат йўлига кирамиз. Ким билан боришимизни халқимизнинг ўзи депутатлар билан маслаҳат қилиб... Депутат дегани - у халқимизнинг овози, халқимизнинг кўзи, халқимизнинг дарди. Халқимиз билан маслаҳатлашиб қиламиз. Йўлимизнинг тўғрилигига ишонсак, қиламиз», - деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан олдин, президент Шавкат Мирзиёев Nikkei Asian Review нашрига берган интервьюсида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш – Ўзбекистон учун энг зарур ва устувор мақсадлардан бири саналишини маълум қилганди.

26 декабрь куни Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов «РИА Новости»га берган интервьюсида Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилишдан фойда кўриши мумкинлиги ҳақида айтиб ўтганди.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Россия Федерациялар Кенгаши спикери Валентина Матвиенко Тошкентга қилган сафари мобайнида (ҳали президент билан учрашмасдан туриб) Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо бўлмоқчилиги ҳақида гапирганди. Шундан кейин Ўзбекистон томони бу борада музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлаган, чуқур ўйлаб кўрилгандан кейингина бир қарорга келиниши маълум қилинганди.

ЕОИИ — халқаро иқтисодий тузилма ҳисобланади. Унинг мақсади мувофиқлаштирилган иқтисодий сиёсат юритиш ва маҳсулотлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучи ҳаракатланиши учун эркин ҳудуд барпо этиш ҳисобланади. Бундай иттифоқ тузиш бўйича келишув 2014 йилда имзоланиб, 2015 йил 1 январида кучга кирган. Бугунги кунда иттифоқ таркибига Россия, Беларусь, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистон аъзо ҳисобланади.

Мавзуга оид