Машҳур футбол юлдузи Криштиану Роналду DAZN телеканалида меҳмон бўлди ва қизиқарли саволларга жавоб берди. Дастлаб унга қайси исми кўпроқ ёқиши ҳақида сўралди:
— Мен учун аҳамияти йўқ. Уйда Роналду деб чақиришади. Онам ва синглим. Мактабда Криштиану дейишарди, футболда Криш, Ронни ва ҳоказо. Кўчада фанатлар кўпинча CR7 дейишади.
— CR7 – бу глобал бренд. Дунёнинг энг катта брендларидан бири эканингизга муносабатингиз қандай?
— Менинг дунём – футбол, шу билан бирга унинг ташқарисидаги ҳаёт ҳам муҳим. Мен бизнесменга айландим. Агар қандайдир бошқа иш билан шуғулланишга киришсанг, бунинг ёмон томони йўқ, фикримча. Мен бундан хурсандман, лекин футбол доим энг муҳими бўлиб қолаверади.
— Сиз бу бренд ва шахсиятингизни қандай ажратасиз?
— Ҳар иккиси ҳақида гапирганда, аслида бир инсоннинг турлича томони эканини эътиборга олиш керак. Мен футболчиман ва одамлар менга қараб туриб, «Бу Криштиану, мана шундай инсон» деб қабул қилишларини истайман.
— Энди А Серия ҳақида саволлар. Агар 10 баллик тизимда баҳоласак, Италияда гол уриш қанчалик қийин?
— 7.
— Қарши ўйнаш энг қийин бўлган ҳимоячилар кимлар?
— Тўғрисини айтсам, ўзим бирга шуғулланадиган шерикларимга қарши ўйнаш қийинроқ. Бонуччи, Кьеллини, Де Лигт. Аввал ҳам, Чемпионлар Лигасида Кьеллинига қарши ўйнаш жуда қийин эди ва мен буни ўзига хос чақириқ сифатида қабул қилардим, алоҳида тайёрланардим. Ҳозир эса, уччовини ҳам тилга олишга мажбурман, чунки ҳар куни машғулотларда бу тўсиққа рўбару келяпман.
— А Серия ва Чемпионлар Лигасидаги фарқ нимада?
— Улар ҳатто фикрлашда ҳам кескин фарқ қилади. Назаримда, агар жаҳон чемпионати ва Европа чемпионатларини қўшмасак, Чемпионлар Лигаси дунёдаги энг зўр мусобақа. Ҳар қандай турнирдан кўра, ЕЧЛда ўйнаш менга кўпроқ ёқади.
— «Ювентус»да сизга нима ёқади?

















