2002 йил, июнь. Ўзбекистон, Бухоро.
Айнан ушбу санагача бўлган муддат давомида бухоролик ёш баскетболчи Арсен Илёсов баскетбол бўйича Ўзбекистонда ташкил этилган қатор турнирларда иштирок этиб, иқтидори, жисмоний кўрсаткичлари билан кўпчилик назарига тушганди.
Унинг тенгдошлари орасидан ярқ этиб чиқиши, миллий баскетболнинг янги келажаги сифатида эътироф этишга замин яратарди. Бироқ, энг умидли ёшлардан бири 17 йил муқаддам тўсатдан йўқолди. Мусобақаларда ҳам йўқ, хуллас, уни ҳеч қаердан топиб бўлмайди. Сирли равишда ғойиб бўлганидан кўп вақт ўтмай уни деярли барча унутиб юборди.
Орадан 17 йил ўтди…
Интернетда тасодифан NBA (Миллий баскетбол ассоциацияси) юлдузи - Эрсан Ильясовага (Ersan Ilyasova) кўзим тушди. Бу исм-шариф анча таниш кўрингач, унинг таржимаи ҳоли ва фаолияти ҳақида қизиқа бошладим.
Эрсан Ильясова. У ким?
Эрсан Ильясова – бугунги кунда NBA юлдузларидан бири. 208 сантиметр бўйга эга спортчи Туркия миллий жамоаси ва Америка мунтазам чемпионати иштирокчиси бўлган «Милуоки Бакс» клуби ҳужумчиси. У спортдаги профессионал фаолиятини 2004 йилда Туркиянинг «Улкерспор» клубида бошлаган, 2005 йилда у Оклаҳома штатининг «Тулса Чэрс» жамоасига қўшилган, кейинроқ катта маблағ эвазига «Милуоки Бакс» аъзосига айланган, Испаниянинг «Барселона» клуби шарафини ҳам ҳимоя қилиб, Евролигада ажойиб натижаларни қайд этган.
Арсен Илёсов – Ersan Ilyasova. Боғлиқлик борми?

Эрсан Ильясова ҳақида маълумотлар тўплаб борар эканман, «бу баскетболчи наҳот, ўша бухоролик умидли спортчимиз бўлса?» деган фикр хаёлимни эгалларди. Машҳур баскетболчининг фақатгина исм-шарифигина 17 йил муқаддам ғойиб бўлган умидли баскетболчимизнинг номига ўхшаш эди, лекин ич-ичимдан ўша ўзимиз йўқолган ўспирин йигитча, бугун машҳур баскетболчига айланган Эрсан Ильясова эканига ўзимни ишонтиришни хоҳлардим.
Бу йўлда ўтган йиллар давомида номдор баскетболчининг таржимаи ҳоли ва қатор маълумотларни излашга тушдим.
Барча маълумотларда Эрсан Ильясова 1987 йил 15 май куни Туркиянинг Эскишеҳир шаҳрида таваллуд топгани қайд этилган. Баскетболдаги фаолиятини ҳам айнан ўша шаҳарнинг маҳаллий «Яшилюрт» клубида бошлаган. Кейинчалик эса унинг иқтидор ва маҳоратини кузатган мутахассислар кучли клубларга таклиф этишган ва у бошқа кучли жамоаларда ҳам муваффақиятли иштирок этган ва бугунги кунга келиб NBA юлдузларидан бирига айланган. Бу маълумотлардан хулоса қилиш мумкин эдики, туркиялик Эрсан Ильясова — Арсен Илёсов эмас.




















