Бугун, 30 декабрь куни бир бир неча нафар фуқаро Kun.uz таҳририятига қўнғироқ қилиб, банкларда халқаро пул ўтказмалари ишламаётгани, кўпчилик сарсон бўлиб уйга қуруқ қайтаётгани ҳақида мурожаат қилишди.

Вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Самарқанд шаҳрида жойлашган бир нечта банкда бўлдик.

«Алоқабанк» Самарқанд филиалида бўлиб банк ходимларига халқаро пул ўтказмаси масаласида учрашганимизда бу хизмат 26 декабрдан буён ишламаётганини маълум қилишди.

Янги йил олди бу масалада келаётган фуқаролар сони кўплиги учун бўлса керак қуйидаги эълон ҳам осиб қўйилган:

Эълонда кўзда тутилган «2019 йилни муваффақият билан якунлаш мақсадида» деганда нима назарда тутилган? Агар бу зарур вақтда фуқароларга керакли хизмат кўрсатмаслик эвазига қандайдир натижага эришиш бўлса, буни аксинча, катта муваффақиятсизлик деб баҳолаш мумкин. Сабаби шундоққина банк ташқарисида пул ўтказмалари ишламаётгани учун «энди уйдагиларга нима дейман?» деб ўтирган мижоз банкдан рози бўлмаслиги аниқ.

Нуробод туманидан келган фуқаролардан бири Миллий банк вилоят бўлимида ҳам худди шу аҳвол эканини айтди.

Бу банкда бўлганимизда ходимлар халқаро пул ўтказмалари ишламаётганини маълум қилиб, қўлимизга қуйидаги қоғозни тутқазишди:

Миллий банк вилоят филиали масъуллари эса муаммони инкор этишди. Улар халқаро пул ўтказмалари ишлаётгани ҳақида айтишди.

Қизиқ ҳолат шуки, фуқаролар бу банкда халқаро пул ўтказмалари ишламаётганидан норози, улар пул ололмаяпти, банк ходими «Перевод нет!» деб ёзилган эълонни ўз қўли билан бермоқда, Самарқанд вилоят Марказий банк бош бошқармаси вакили ҳам Миллий банк вилоят бўлимидан 27 декабрдан буён халқаро пул ўтказмалари ишламаётганини тасдиқлади. Аммо банк раҳбари «ишлаяпти!» деган гапида собит. Мижозларнинг пул берасизларми деган гапига «коди бизнинг манзилга тўғри келса бўлди», деб турибди. Тушунарсиз ҳолат.

Марказий банк Самарқанд вилоят бош бошқармаси вакили вазиятга аниқлик киритди.