Россияга сафаримиз чоғида имкон қадар турли касб-кор билан шуғулланиб келаётган ватандошларимиз ила учрашиб, улар билан суҳбатлашишга ҳаракат қилдик. У ерда, Ўзбекистон учун мутлақо ёт бўлган ҳунар – музтарошлик билан шуғулланувчи ватандошимиз Жаҳонгир Тўйчиев фаолияти бизда қизиқиш уйғотди.  

Ғирт жайдари булунғурлик Жаҳонгирнинг сўзларига кўра, у 15 йилдирки, Россияга келиб-кетади. Музтарошликни ўрганиб, моҳир уста бўлиб етишгач, мавсумий келиб кета бошлаган. «Бироқ, бунгача осон бўлгани йўқ, узоқ тарих», - дея ҳикоя қилади Жаҳонгир.    

Жаҳонгир даставвал қурилиш компаниясида қурувчи бўлиб ишлаган. Шу орада, яшаш жойига яқин бинода музтарошлик қилувчилар ишига қизиқиб қолган Жаҳонгир шу ҳунарни ўрганишга киришган. Балки, юрагим жиз этгандир, дейди у. Ватандошимизнинг таъкидлашича, инсон бирор мақсадни ўз олдига қўяр экан, унга етишмагунча ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтиши, мақсадга эришиш йўлидаги турли хил тўсиқларга бардош бера олиши керак, шунга шай бўлиши лозим.

«Бирга ишлайдиганлар руслар эди. У вақтларда рус тилини ҳам яхши билмас эдим. Лекин, брат помоги, деб сўраб-сўраб, ҳаракат қилиб, ўрганиб олдим. Мана, эндиликда, уларнинг ўрнида ўзим ишлаяпман. Авваллари бошлиғим менга унчалик ишонмаган бўлса, ҳозирда, энг мураккаб ва қийин буюртмаларни менга ишониб топширади.

Қанча-қанча халқаро танловларга бордим. Биласизми, ўша танловларда эркин мавзу бўлиб қолса, ватанимдаги биноларнинг аксини ясашга ҳаракат қиламан. Чолларни ясашга уринаман. Масалан, бир сафар Регистонни ясаганман. Шу вақтгача, лоф бўлмаса, 30-40тагача танловда иштирок этган бўлсам, 2-ўрингача олдим. Лекин, энди биринчи ўринни оламан, деб ўйлайман. Ватаним байроғи кўтарилиб, Ўзбекистон, дея эълон қилинганида одам ўзида ўзгача бир фахр-ифтихор ҳиссини туяди. Насиб бўлса, февраль ойида Латвияда халқаро танлов бўлади. Спорт бўлиши шарт эмас. Бу ҳам шу сингари ватан довруғини дунёга таратишга ҳисса қўшади», - дейди музтарош.

Унинг қайд этишича, у нафақат муздан шу каби санъат асарларини ясай олади, балки қум ва гипсдан ҳам айни ишни бажариши мумкин. «Тошдан ясаб кўрмадим, аммо ундан ҳам ясай олсам керак», - дея ишонч билдиради Жаҳонгир.