Спорт | 13:20 / 02.01.2020
22064
9 дақиқада ўқилади

Артетанинг илк ғалабаси, Моуриньо томошаси ва эронлик ҳужумчининг суперголи. АПЛда тур воқеалари

1 январь куни Англия премьер-лигасида 9та ўйин бўлиб ўтди. Қуйида турнинг асосий ва қизиқарли воқеалари келтириб ўтилади.

«МЮ» «Арсенал»га ютқазди

«Арсенал» — «Манчестер Юнайтед» — 2:0 (2:0)
Голлар: Пепе, 8 (1:0). Папастатопулос, 42 (2:0).

Ўйиндан олдин ҳамма Оле Гуннар Сульшернинг Погба яна жароҳат олгани ҳақидаги гапларини муҳокама қилди: «Поль жароҳатланди, унда яна болдир суяги билан тўпиқ суягини боғловчи бўғинда жароҳат қайталанган, биз уни яна бир неча ҳафта мобайнида майдонда кўрмаслигимиз аниқ». Лекин «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи бир неча кун олдин француз футболчиси «Арсенал»га қарши ўйинга тайёрланаётгани ҳақида айтганди. BT Sport телеканалида эксперт бўлиб ишлаётган Робин ван Перси эфирда бу вазиятни сирли ҳолат деб атади. ОАВда анча вақтдан буён Погба кетиш ҳақида ўйлаётгани айтилади, шу туфайли у майдонга тушмаётганининг бошқа сабаблари борлиги ҳақидаги шубҳалар пайдо бўлмоқда.

«Арсенал»да ҳам таркиб борасида барчаси жойида эмасди, лекин Артетанинг бахтига ушбу учрашув арафасида Колашинац тикланди (тўғри, у иккинчи бўлимда жароҳат олиб алмаштирилди) ва Чака ҳам майдонга қайтди. Биринчи марта бошланғич таркибда Обамеянг, Ляказетт, Пепе ва Ўзил биргаликда ҳаракат қилди. 4-2-3-1 схемасида Обамеянг ҳужумнинг чап қанотидан, Ляказетт марказда, Пепе ўнгда, Ўзил эса марказий ҳужумчи ортида жой олди. Натижада «Арсенал» Артета бошқарувида биринчи марта ғалаба қозонди.

Янги бош мураббий бошчилигидаги ўсиш яққол кўриниб турибди. Лондонликлар хотиржам ҳаракат қилишмоқда, Ўзил, Чака ва Лукас Торрейра яна аввалгидек ўйнай бошлади, Давид Луис эса бу оқшомда бутунлай бошқа футболчига айланди. Айниқса бу ўйинда Пепе ҳақиқий салоҳиятини намойиш эта олди, у ўйин давомида бирор марта ноаниқ пас бермади ва тўрт марта голли вазият яратди икки голда ҳам иштирок этди: биринчи голни ўзи урди, иккинчи гол ивуарлик футболчи бурчакдан тўп узатган вазиятда Папастатопулос томонидан урилди.

«Манчестер Юнайтед» эса майдонда жуда заиф кўринди ва ҳақли равишда мағлубиятга учради. Биринчи бўлимда жамоанинг умуман ўйини чиқмагач, Сульшер Лингардни ва Жеймсни майдондан олиб, Гринвуд ва Перейрани туширди, натижада меҳмонлар иккинчи бўлимнинг биринчи қисмида ташаббусни қўлига ола бошлади ва бир неча яхши вазиятларга эга бўлишди, аммо мезбонлар ҳимояда тартибли ҳаракат қилишди. Артета ўтган турда «Челси»га қарши кечган ўйиндан хулоса чиқарганди. Иккинчи бўлимнинг иккинчи қисмида мураббий ҳужумдаги Пепени майдондан олди ва нисбатан орқароқда ҳаракатланувчи Нелсонни туширди, ушбу футболчи ўзининг 13та пасидан 8тасини орқага узатгани ҳам ўйин темпини тушириш учун майдонга ташланганини англатади, ўйин давомида Обамеянг билан рақиб ҳимоячиларини чарчатган ва ниҳоят ўзи ҳам чарчаган Колашинац ўрнини эса Сака эгаллади, кейинроқ Артета ғалабани сақлаб қолиш учун яна бир юриш қилди - Ляказетт майдон марказини мустаҳкамлаш учун Гендузига алмаштирилди.

Бу қарорлар жамоага ўйиндаги ташаббусни қайтармаган бўлсада, вазиятни назорат қилиш имконини берди. «Арсенал» октябрь ойидан буён илк марта ғалаба қозонди ва турнир жадвалида 10-ўринга кўтарилди. Афтидан, жамоа Артета бошқарувида янги даврни бошламоқда.

«Челси» дарвозасига йил голи

«Брайтон» — «Челси» — 1:1 (0:1)
Голлар: Аспиликуэта, 10 (0:1). Жаҳонбахш, 84 (1:1).

Робин Гуд бўлиш навбати «Челси»га. Кўклар сўнгги беш турда «Тоттенҳэм» ва «Арсенал» жамоаларини сафарда мағлуб этди, аммо ўз уйида «Борнмут» ҳамда «Саутҳемптон»га мағлуб бўлди. Энди эса жамоа «Брайтон»га сафарда кечган ўйинда очко улашди, қолаверса «чайкалар» бу ўйинда ғалабага эришишлари ҳам мумкин эди — бунинг учун вазиятлар етарли бўлди.

Премьер-лиганинг 2020 йилдаги илк голи Аспиликуэта ҳисобига ёзилди, аммо бу ўйинни бошқа воқеа туфайли эслаб қолишади. Ўйиннинг 84-дақиқасида ўйинга захирадан қўшилган эронлик Алиризо Жаҳонбахш қайчи услубидаги зарбаси билан ҳисобни тенглаштирди.

«Брайтон» мухлислари йилнинг энг чиройли голи бўлишга даъвогар голга гувоҳ бўлиб, янги йил учун ажойиб совға олишди.

Жозе ютқазди ва шоу уюштирди

«Саутҳемптон» — «Тоттенҳэм» — 1:0 (1:0)
Гол: Ингз, 17.

Моуриньо «Тоттенҳэм» бошқарувига келганига 6 ҳафта бўлди, аммо жамоа ўйинида сезиларли ўзгаришлар кузатилгани йўқ. Натижалар ҳам таассурот қолдиргулик эмас — чоршанба куни «шпорлар» португалиялик мутахассис бошчилигидаги 11-ўйинни ўтказишди ва тўртинчи марта мағлуб бўлишди. Унинг устига Кейн ва Ндомбеле жароҳат олди.

Ўйиндаги ягона гол «Саутҳемптон»нинг жорий мавсумдаги энг асосий тўпурари Дэнни Ингз томонидан урилди. Гол чиройли чиқди, аммо асосий эътиборни барибир Моуриньо ўзига қарата олди. Биринчидан, «Саутҳемптон» фанатлари Жозега қарата шундай текстдаги қўшиқни куйлашди: «Сен Почеттинонинг олдида шунчаки тиррақисан».

Иккинчидан, португалиялик мутахассиснинг ўзи иккинчи бўлимда шоу уюштирди. Зерикиб кетган Моуриньо рақиб мураббийлари штаби олдига бориб, уларниг блокнотига мўралади. У муҳим тактик деталларни кўра олмаган бўлсада, учрашув бош ҳаками Майк Дин унинг ҳаракатларини кўриб турганди ва бунинг учун уни сариқ карточка билан жазолади.

Ўйиндан кейин «Тоттенҳэм» бош мураббийи ўз ҳаракатига изоҳ берди: «Ҳа, мен қўполлигим учун карточкага лойиқ эди. Аммо мен аҳмоқ ёнидаги қўпол эдим. Айнан нималар дедимми? Ёмон сўзлар айтдим. Бори шу».

Ҳозирча Моуриньо ва «Саутҳемптон» мураббийи ўртасида қандай гаплар бўлиб ўтгани маълум эмас, аммо шуниси аниқки: Жозе қайтди!

Гвардиола Анчелоттини енгди

«Манчестер Сити» — «Эвертон» — 2:1 (0:0)
Голлар: Габриэл Жезус, 51 (1:0). Габриэл Жезус, 58 (2:0). Ришарлисон, 71 (2:1).

«Биз чин дилдан ишлашимиз, яхшироқ ўйнашимиз ва дуо қилишимиз керак», — дея жавоб берди Пеп Гвардиола «Эвертон»га қарши ўйин олдидан «Ливерпуль»га қандай қилиб етиб олиш мумкинлиги ҳақидаги саволга. «Манчестер Сити» «ирислар» устидан ғалаба қозониб, турнир жадвали пешқадами билан фарқни 11 очкога қисқартирди, аммо мерсисайдликларда ҳали иккита захира ўйини бор. Жамоа 21-тур доирасида «Шеффилд»га қарши ўйинни бугун ўтказади, шунингдек, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати туфайли «Вест Ҳэм»га қарши 18-турнинг қолдирилган ўйини 29 январь куни бўлиб ўтиши белгиланган.

Анчелотти бошқарувида ўйинини топиб бораётган «Эвертон» жиддий қаршилик кўрсатди, аммо Габриэл Жезуснинг дубли барчасини ҳал қилди.

«Манчестер Сити»нинг асосий дарвозабони Эдерсон ўйинни ўтказиб юборди, Клаудио Браво эса дарвозаси дахлсизлигини сақлай олмади. Ришарлисон битта жавоб голи қайтарди, аммо «Эвертон»га бу етарли бўлмади.

21-тур
«Норвич» — «Кристал Пэлас» — 1:1 (1:0)
Голлар: Кантуэлл, 4 (1:0). Уикхэм, 85 (1:1).

«Вест Ҳэм» — «Борнмут» — 4:0 (3:0)
Голлар: Нобл, 17 (1:0). Алле, 25 (2:0). Нобл, 35 — пенальти (3:0). Фелипе Андерсон, 66 (4:0).

«Бёрнли» — «Астон Вилла» — 1:2 (0:2)
Голлар: Уэсли, 27 (0:1). Грилиш, 41 (0:2). Вуд, 80 (1:2).

«Ньюкасл» — «Лестер» — 0:3 (0:2)
Голлар: Перес, 36 (0:1). Мэддисон, 39 (0:2). Чаудари, 87 (0:3).

«Уотфорд» — «Вулверҳэмптон» — 2:1 (1:0)
Голлар: Деулофеу, 30 (1:0). Дукуре, 49 (2:0). Педру Нету, 60 (2:1).

Турнир жадвалидаги ҳолат

Мавзуга оид