Жаҳон | 08:32 / 03.01.2020
61682
2 дақиқада ўқилади

Ислом инқилоби соқчилари корпуси генерали Қосим Сулаймоний АҚШ зарбаси вақтида ҳалок бўлди

Қосим Сулаймоний/Фото: AP

Бағдод халқаро аэропортига авиазарба берилиши оқибатида Ислом инқилоби соқчилари корпусининг “Қудс” махсус бўлинмаси қўмондони, генерал Қосим Сулаймоний ҳалок бўлди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар берди.    

Зарбалар вақтида Ироқнинг шиа қўшинлари қўмондони ўринбосари Абу Маҳди ал-Муҳандис ҳам ҳалок бўлган. Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи “Ал-Хашд аш-Шаъбий” гуруҳининг маълум қилишича, аэропортнинг ракеталар билан ўққа тутилишида умумий ҳисобда 7 киши, жумладан гуруҳнинг 5 аъзоси ва икки меҳмон ҳалок бўлган.    

Таъкидланишича, Сулаймоний шахси бармоғидаги узукдан ўрнатилган. 

Маълум қилинишича, ал-Муҳандис аэропортга самолёти ё Ливандан, ё Суриядан келган Сулаймонийни кутиб олишга соқчилар таркибида келган. Зарба Сулаймоний самолётдан чиқиши билан берилган.

Эроннинг IRINN давлат телеканали бошловчисининг маълум қилишича, Эрон генералнинг ҳалок бўлганини тасдиқлади. Телеканал маълумотларига кўра, генерал АҚШ вертолётлари ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган.  

Бу орада Пентагон ҳам Сулаймоний ҳалок бўлганини тасдиқлади ва зарбалар беришга буйруқни шахсан АҚШ президенти Дональд Трамп берганини маълум қилди. Пентагонда таъкидланишича, Сулаймоний АҚШнинг Бағдоддаги элчихонасига ҳужум қилинишига розилик берган.   

Associated Press воқеага изоҳ бериб, Сулаймонийнинг ўлдирилиши “Яқин Шарқдаги бурилиш лаҳзаси бўлиши ва Эрон ҳамда у томонидан қўллаб-қувватланувчи кучлар томонидан Исроил ва АҚШдан ўч олишга олиб келиши мумкинлигини” таъкидлаб ўтган. 

Мавзуга оид