Спорт | 10:00 / 03.01.2020
6840
1 дақиқада ўқилади

«Милан» Ибраҳимовичнинг тақдимотини ўтказди

«Лос-Анжелес Гэлакси» клуби ва Швеция миллий жамоасининг собиқ ҳужумчиси Златан Ибраҳимович «Милан» билан расман шартнома имзолади.

38 ёшли футболчи «россонери» таркибида 21-рақам остида ўйнайдиган бўлди. Унинг меҳнат битими 6 ойга мўлжалланган ва яна 1 йилга узайтириш имконияти ҳам бор.

Футболчи тақдимот вақтида ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

«21-рақам? Болаларимга мавжуд рақамларни кўрсатдим, улар 21-рақамни танлашди.

Мақсадим – жамоага вазиятни тўғрилашда ёрдам бериш. Индивидуал томондан ҳам имкон қадар юқори даражада ўйнамоқчиман.

Сўнгги 2-3 ҳафтада рафиқамдан кўра Мальдини ва Бобан билан кўпроқ гаплашдим. Ҳаммаси яхши бўлди ва мен шу ердаман», дейди швециялик футболчи Milan TVга берган интервьюсида.

Эслатиб ўтамиз, Златан Ибраҳимович 2010-2012 йилларда ҳам «Милан»да ўйнаган ва 85та ўйинда 56та гол урган.

Мавзуга оид