Жаҳон | 02:07 / 06.01.2020
15217
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Ливияга турк ҳарбийлари жўнатилиши бошланганини эълон қилди 

Фото: AP

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 5 январда Ливияга турк ҳарбийлари жўнатилиши бошланганини эълон қилди.  

“Бизнинг ҳарбийлар вазифасига мувофиқлашган ҳаракатлар киради. Туркиялик ҳарбийлар Ливиянинг қонуний ҳукумати хавфсизлигини таъминлаш учун секин-аста жўнатилиши бошланди”, деб айтган Эрдўған CNN Turk телеканали эфирида. 

Эрдўған, шунингдек, ҳозирда Ливияда Россиянинг “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясидан 2,5 минг ва Судандан 6 минг жангчи борлигини таъкидлаб ўтган. “Қонуний ҳукумат бу ҳақида биздан сўраганда, нима учун у ерга бормаслигимиз керак?”, деб савол билан юзланган Туркия президенти.  

Ўтган ҳафта Анқара Ливияга ҳарбийлар жўнатилишини кўзда тутувчи қонун лойиҳасини тасдиқлаганди. 

Айни вақтда Ливияда параллел равишда иккита ижро ҳокимияти органи фаолият олиб бормоқда: Фаёз Сарожнинг БМТ томонидан тан олинган Триполидаги Миллий келишув ҳукумати ва мамлакат шарқидаги Бенғози шаҳридаги парламент билан биргаликда амалда бўлган ва фельдмаршал Ҳалифа Ҳафтарнинг Ливия миллий армияси томонидан қўллаб-қувватланувчи Абдулла Абдураҳмон ас-Сонийнинг муваққат маҳкамаси.

12 декабрда Ҳафтар Триполига ҳал қилувчи юриш бошланишини эълон қилганди. 

Мавзуга оид