Жамият | 15:10 / 06.01.2020
14395
4 дақиқада ўқилади

Қаршидаги кўп қаватли уй ертўласидаги «ботқоқ»: муаммо бартараф этилди, саволлар эса ҳамон очиқ

Қарши шаҳри марказидаги «Табассум» маҳалласида жойлашган 31-кўп қаватли уйда яшовчи фуқаронинг мурожаатига асосан борганимизда, ертўла сувга тўлиб қолганига гувоҳ бўлдик. Бундан ташқари, қўланса ҳид таъсиридан ертўлани ҳожатхонадан ажратиш қийин эди.

Маълум бўлишича, бу уй 15 кун олдин иссиқлик тармоғига уланган. Аммо уйдаги хонадонларнинг фақат биттасидан ташқари бирортаси иссиқлик тизимига уланмагани, керакли жиҳозлар билан таъминланмагани сабабли иссиқ сув босими ошиб кетиб, қувурлар ишдан чиққан ва ертўла тўлиб қолган. («Дом»да фақат битта хонадонда батарея бўлгани учун иссиқ сувга уланган экан).

Олдинлари бир неча марта канализация қувурларида ҳам носозлик пайдо бўлиб, ертўладаги катта миқдорда канализация оқоваси тўпланиб қолган. Канализация қолдиқлари авария сабаб ертўлага тўпланган тўлган иссиқ сув билан қоришиб, ертўлани ҳақиқий қўлансагоҳга айлантирган.

Ушбу уйни сақловчи ширкат раиси қувурнинг таъмирлангани ва ҳадемай сув аста-секин қуриб қолишини маълум қилди. Бошқача айтганда, унда сувни тортиб олиш нияти йўқ ва одамлар эса сув қачон ўзи қуришини кутишга мажбур.

Воқеа жойига етиб келган Қарши шаҳри ҳокими ўринбосари Улуғбек Авазов ҳолатни кўздан кечириб, ўз муносабатини билдирди. Ҳоким ўринбосари бир кун ичида сув махсус техника билан тортиб олинишини маълум қилди.

Бир кунда ҳал этиш мумкин бўлган бу муаммо қаршисида қаршиликларнинг ҳафталаб азият чеккани ҳам кишини ўйлантиради...

Шу ўринда бир мулоҳаза, ўрганиш жараёнида мазкур кўп қаватли уйнинг ҳолати ачинарли аҳволга келиб қолганига гувоҳ бўлдик. Таъмирлаш учун эса ширкатда маблағ йўқ экан. Маълум бўлишича, уйдаги кўпгина хонадонларда эгалари яшамаслиги, айримлари асосан ижарага берилган бўлиб, хонадонларнинг деярли барчаси бир неча йилдан бери ширкат хизматлари учун маблағ тўламас экан. Деярли ҳамманинг ширкатдан миллионлаб сўм қарзи бор. Шу сабабдан ҳам ертўла «ботқоқ»қа айланиб қолган бўлишига қарамасдан бир нафар фуқародан ташқари ҳеч ким, ҳеч қаерга мурожаат ҳам қилмаган. Оқибатда, юқоридаги вазият пайдо бўлган.

Аҳоли ширкатга тўловни амалга оширмагач, икки ўртада ишонч аллақачон йўқолган. Аслида, ширкат бу уй-жой эгаларининг ўзлари раҳбар тайинлайдиган ташкилот. Умумий йиғилишда фуқароларга қарзнинг қаердан пайдо бўлгани, йиғилган маблағ қаерга сарфланаётгани хусусида маълумот берилиши, ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирилмаслиги лозим. Фаолият аҳоли билан биргаликда олиб борилса, ўйлаймизки, аҳоли албатта тўловларни амалга оширади. Аммо «дом»нинг аҳволи бундай экан, икки ўртада муаммолар кўпайиб бораверади.

Нима бўлганда ҳам, ертўладаги муаммо ҳозирча бартараф этилди. Сафаримизнинг эртаси куни мазкур уйда яшовчи мурожаатчилардан бири қўнғироқ қилиб, махсус техникалар орқали сув тортиб олингани, энди «дом» атрофида бемалол нафас олса бўлишини айтиб, миннатдорчилик билдирди. 

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,

Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид