«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров партиянинг сайловлардаги мағлубиятига доир хулосаларини маълум қилар экан, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг айрим округларда ғалаба қозонганига доир кескин фикрларини ҳам билдирди.
«Чунки, ХДП барча нарсани бепул қилишга ваъда берди. Бу сайловчиларга ёқди. Бизнинг миллий тикланишимиз, ўсишимиз ҳақидаги қайғуришимиз сайловчиларни қизиқтирмади. Шу боисдан ҳам мағлуб бўлдик.
Мен, биринчи турда қўпол хатолар бўлгани учун мағлуб бўлдим, дея олмайман. Мен бир нарсани тўла масъулият билан баёнот бера оламанки, сайловчи ўзгармас экан, сиёсий онг ўзгармас экан, натижага эришиш қийин. Ана ўшанда, партиялар ўз қадриятларини, дастурларини сайловчиларга етказиб, уларнинг овозини ола билади», - деди Қодиров.
У, шунингдек, партия келгуси парламент сайловларига ҳозирдан тайёргарликни бошлашини билдириб, партия ишлаш тизимида ўзгариш бўлишини таъкидлади.
«Биз келгуси 5 йилда навбатдаги сайловларга тайёргарликни бошлаймиз. Партияни такомиллаштириш устида ишлаймиз. Хусусан, партиянинг туман кенгаши раҳбари Олий Мажлисдаги депутат ёрдамчиси бўлади. Бу депутатнинг ўз округи билан доим боғланиб туришини таъминлайди», - деди партия етакчиси.
«Миллий тикланиш» раҳбари мухолифат борасидаги фикрлари билан ўртоқлашар экан, хориждаги ўзларини мухолифатчи деб билганлар хусусидаги қарашларини ҳам маълум қилди.
«Мухолифат масаласида мен президент қарашини маъқуллайман. Кўпчилик, қаерга ҳам борасан, маъқулламай, дейиши ҳам мумкин. Бу гапнинг ҳақиқатлиги шундаки, сиз кимгадир эмас, балки шу юртдаги халққа хизмат қилиш учун мухолифат бўласиз. Айрим фикрларга эътироз билдиришингиз, унинг муқобилини таклиф қила олишингиз керак.
Биз танқидларни кўп қилдик, бундан кўзланган мақсад, кимгадир чиройли кўриниш эмас, шу халққа фойдали бўлсин деган мақсадда гапирдик. Камчиликларни баралла айтяпмиз ва уларни тузатиш бўйича таклифларимизни илгари суряпмиз. Мана шу мухолифат аслида. Биз парламентда 36 ўринга эга бўлган партия сифатида вазирлар тайинланишида, бош вазир номзоди кўрсатилишида ўз фикримизни айтамиз. Биз билган мухолифат мана шу.
Шахсан мен рақобатдан қўрқмайман, партиямиз ҳам. Ташқаридан, имконият берилганида бунча овоз олардик, дейдиганларга айтар сўзим шуки, марҳамат келсин, шу ерда фаолият олиб боришсин. Лекин, ўзларини мухолифат деб атайдиганларнинг фикрларида мантиқ кўра олмаяпман. Фақат ёмонлашдан яхшилик кутиш мумкинми?», - дея қайд этди Қодиров.















