АҚШ аскарлари жойлашган Ироқ ғарбидаги Айн ал-Асад ҳарбий-ҳаво базаси Эрон томонидан ракета ҳужумига учради. Бу ҳақда 8 январь, чоршанбага ўтар кечаси Ислом инқилоби соқчилар корпуси томонидан тарқатилган баёнотда айтилган.
Ҳужум эронлик генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлими учун ўч олиш ҳаракати деб аталди. Авиабазага камида тўққизта ракета учирилгани ҳақида хабар берган Теҳрон, ҳужум натижасида объект «тўлиқ йўқ қилингани»ни эълон қилди.
АҚШ Мудофаа вазирлиги ўзининг иккита базасига ҳужум қилингани тўғрисида хабар берди. Пентагон маълумотларига кўра, Эрбилдаги база ҳам ракета зарбасига учраган. АҚШ ҳарбийларига кўра, Эрон ўндан ортиқ баллистик ракеталар учирди.
Айни пайтда, Пентагон ҳозирча зарарни баҳолашга тайёр эмас. Ракета ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар бор-йўқлиги ҳам номаълум.
АҚШ президенти Дональд Трамп Эроннинг Ироқдаги Америка базаларига уюштирган ҳужуми юзасидан «кечроқ» баёнот беришни ваъда қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда ҳужум оқибатида етказилган зарарни ҳисоблаш жараёни кетмоқда.
«Ҳаммаси яхши! Ракеталар Эрондан Ироқда жойлашган иккита ҳарбий база томон учирилган. Ҳаммаси кўнгилдагидек кетмоқда! Бугунги кунда бизда жаҳондаги энг қудратли ва энг яхши таъминланган ҳарбийлар бор! Мен (Америка вақти билан) тонгда баёнот бераман», деб ёзди Трамп твиттердаги саҳифасида.

Эрон АҚШ ҳарбий базаларига уюштирилган ҳужумни «муносиб жавоб» ва «ўз-ўзини мудофаа қилиш» деб атади.
«Эрон БМТ Низомининг 51-моддасига мувофиқ ўз-ўзини мудофаа қилиш мақсадида бизнинг фуқароларимиз ва юқори мартабали шахсларимизга қарши қўрқоқларча ҳужум бошланган ҳарбий базани нишонга олиб, муносиб чоралар кўрди.
Эрон кескинликни ошириш ёки уруш келтириб чиқариш учун ҳаракат қилмайди, бироқ ҳар қандай агрессиядан ҳимояланади», дея ёзди Зариф твиттерда.


















