Ўзбекистон | 14:31 / 08.01.2020
6192
3 дақиқада ўқилади

Қизилқум ҳудудидан олинадиган ва ҳозирда сақланаётган керн намуналарнинг марказлашган омбори ташкил этилади

Фото: coretest.ru

Геология қидирув ишларининг ишончлилик даражасини ва ер ости бойликларининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, Марказий Қизилқум ҳудудида марказлашган ягона керн омборини ташкил қилиш ва бу омбордаги керн намуналарини жаҳон стандартларига мос шароитда сақлаш ҳамда геология-қидирув ишлари нуфузи ва ишончлилигини ошириш мақсадида ҳукумат ҳужжати қабул қилинади.

Муҳокама учун эълон қилинган ҳужжат лойиҳасига кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ва “Навоий кон металлургия комбинати” Давлат корхонасининг геология-қидирув ишлари натижасида Қизилқум ҳудудидан олинадиган ва ҳозирги кунда сақланаётган керн намуналарнинг марказлашган омборини 2-Конимех қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи биносида ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Навоий вилояти, Конимех тумани, Қарақ-Ата ОФЙ, Балақарақ овулида жойлашган 2-Конимех қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотлари Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасига оператив бошқариш ҳуқуқи билан бепул берилади.

Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги белгиланган тартибда:

геология-қидирув ишлари натижасида Қизилқум ҳудудидан олинадиган ва ҳозирги кунда сақланаётган керн намуналарнинг марказлашган омборини ташкил этиш бўйича тегишли бино ва иншоотлар, ер майдонлари ва жиҳозларни топшириш-қабул қилиш далолатномаларини расмийлаштиради;

геология-қидирув ишлари натижасида Қизилқум ҳудудидан олинадиган ва ҳозирги кунда сақланаётган керн намуналарнинг марказлашган омбори фойдаланишида зарурат бўлмаган ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникалари, ускуна-дастгоҳ ва бошқа асосий воситаларни Навоий давлат кончилик институти ҳамда эҳтиёжманд профессионал таълим муассасалари балансига ўтказиш чораларини кўради;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб керн намуналари омборида келажакда Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат техника университети, Навоий давлат кончилик институти ва бошқа таълим муассасалари талабаларининг малакавий амалиётларини ўташларига ҳамда ўқитишнинг Дуал тизими асосида талабаларнинг фанлардан олган назарий билимларини тажриба ва амалиёт машғулотлари орқали мустаҳкамлаш имконини берувчи шароит яратадилар.

Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ва “Навоий кон металлургия комбинати” Давлат корхонаси ҳамкорликда бинони омбор сифатида қайта жиҳозлаш ва таъмирлаш ишларини ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид