8 январь куни тонгида Теҳрон-Киев йўналишида PS752 рейсини амалга оширган Boeing 737 русумли самолёт ҳавога кўтарилганидан бир неча дақиқа ўтиб қулаб тушганди. Самолёт бортида 176 киши бор эди ва уларнинг барчаси ҳалок бўлди.
Ҳисоботда айтилишича, самолёт радарлардан йўқолган вақтда 2500 метр баландликда бўлган.
«Аэропортдан чиқишда аввалига ғарбга қараб учган самолёт муаммо юзага келгач ўнгга бурилган ва ҳалокат арафасида аэропортга қараб йўналган», деган CAOI вакили Али Обидзода «Тасним» агентлиги мухбирига.
Авиация агентлигидагиларнинг ҳисоблашича, ҳалокат арафасида самолёт бортида ёнғин келиб чиққан: гувоҳларнинг тасдиқлашича лайнер қулаётганда ёнаётган бўлган. Ҳозирча ёнғин сабаби аниқланмади.
«Учувчи диспетчерга бортдаги ҳолат ҳақида хабар бера олмаган», дея қўшимча қилган агентлик раҳбари.
Эрон самолёт «қора қутиси» ёзувлари асосида ҳодиса сабабларини ўрганишни давом эттирмоқда. Эронга самолёт ҳалокати сабабларини ўрганиш учун фавқулодда вазиятлар бўйича Украина давлат хизмати, Мудофаа вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Украина хавфсизлик хизмати, Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши, шунингдек, Авиация ҳодисаларини ўрганиш бўйича миллий бюро вакилларидан иборат мутахассислар гуруҳи жўнатилган.
Чоршанба куни Обидзода Теҳрон самолёт «қора қути»си маълумотларини Boeing компаниясига ёки Америка ҳукуматига тақдим этмаслигини маълум қилганди.
«Маълумотлар бизнинг мамлакатимизда, бизнинг ташкилотлар томонидан ўрганилади. Аммо Украина (самолёт рўйхатдан ўтказилган давлат), АҚШ (самолёт ишлаб чиқарилган давлат), шунингдек, Швеция ва Канада (самолётда фуқаролари бўлган давлатлар) ҳукумати вакиллари ҳам ушбу жараёнда иштирок этиши мумкин», деганди у.
Асосий версиялар
Украина миллий хавфсизлик кенгаши котиби Алексей Данилов махсус комиссия томонидан кўриб чиқилаётган асосий версиялар ҳақида маълумот берди.
«Асосий версиялар орасида: самолёт зенит-ракета мажмуаси ҳужумига учрагани ҳақидаги тахмин ҳам бор. Воқеа ҳудудидан Россияда ишлаб чиқарилган «Тор» зенит ракета мажмуасидан учирилган ракета парчаси топилгани ҳақидаги сурат интернетда тарқалди», - деган Данилов «Цензор.нет» порталига берган интервьюсида.
Унинг сўзларига кўра, терговчилар самолёт ҳавода бошқа бир объект билан тўқнашгани эҳтимоли, двигателда техник сабаб билан портлаш бўлгани ва лайнер бортида портлаш бўлгани эҳтимолини ҳам кўриб чиқишмоқда.









