Канада бош вазири Жастин Трюдо 8 январь куни Теҳрон яқинида қулаб тушган украинларнинг йўловчи самолёти ҳалокатида Эронни айблади.

«Бизда самолёт Эрон ракетаси томонидан уриб туширилганини исботловчи кўплаб манбалар маълумотлари бор. Бу катта эҳтимол билан хатолик туфайли рўй берган», деган Жастин Трюдо. Авиаҳалокатда Канаданинг 63 нафар фуқароси ҳам ҳалок бўлганди.

Трюдо Канада «Боинг» ҳалокати билан боғлиқ саволларга жавоб талаб қилишини билдирган. У жавоблар олинмагунича Канада ҳукумати тинчимаслигини таъкидлаб ўтган. У фожиа юзасидан кенг кўламли текширув бошлашга чақирган.

Канада бош вазири ортидан Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ҳам шунга ўхшаш баёнот берди. Унинг айтишича, Британияда самолёт Эрон ракетаси билан уриб туширилганини тасдиқловчи далиллар бор.

«Мавжуд маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, самолёт Эроннинг «ер—ҳаво» таснифидаги ракетаси билан уриб туширилган. Катта эҳтимол билан бу қасддан содир этилмаган», деган Жонсон.

Самолёт ҳалокати оқибатида 3 нафар британиялик ҳам ҳалок бўлганди.

Ракета учирилиши излари

Аввалроқ Америкадаги нашрлар Пентагондаги манбалари, шунингдек, АҚШ ва Ироқ разведкалари маълумотларига асосланган ҳолда украинлар самолёти Эроннинг «Тор» зенит-ракета мажмуасидан учирилган ракета билан уриб туширилгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Американинг CBS News янгиликлар компанияси Америка разведкасидаги манбасига асосланиб, Украина самолёти «Эриб» ҳаводан ҳимоя кучлари томонидан уриб туширилгани ҳақида хабар берди. АҚШ Эрон радарининг ишга тушганини қайд этган, шунингдек, ракеталарнинг фаоллашгани ҳақидаги иккита чақнаш ҳодисасини аниқлаган. Уларнинг тахминига кўра, бу «Тор» зенит ракеталарининг ҳавога чиқарилганидан кейин кузатилган инфрақизил нурлар чақнаши эди. Бу чақнашлар ортидан ҳавода портлаш (самолёт портлаши) рўй берган.

Reuters агентлигининг Америка ҳукуматидаги манбаси ҳукуматдагилар самолёт Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан уриб туширилгани эҳтимоли юқори экани ҳақида хулосага келганини маълум қилганди.