Вазирлар Маҳкамасининг “Республика ҳудудларида пахта ҳосили теримини механизациялаш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қуйидагилар:

а) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг:

биринчи босқичда (2020-2022 йиллар) Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида;

иккинчи босқичда (2023-2026 йиллар) республиканинг қолган ҳудудларида пахта ҳосилини йиғиштириб олишни механизациялашни жорий этишни жадаллаштириш;

б) Молия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан пахта териш ишларига жалб қилинадиган пахта териш машиналари хизматидан фойдаланганлик учун харажатларнинг 30 фоизини Молия вазирлиги томонидан қоплаб бериш амалиётини 2020 йилда сақлаб қолиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Бош вазирининг маслаҳатчиси - “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ бошқаруви раиси Н.С. Отажонов, қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Ж. Тешаев ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарларига:

пахтани машинада териш учун ажратилган ерларни барвақт тайёрлаш билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштириш;

пахта териш техникасини ишлаб чиқариш ва реализация қилишни ўз вақтида ташкил этиш бўйича ишлар самарали олиб борилишини таъминлаш;

2020-2026 йилларда қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг асосида реализация қилишни молиялаштириш механизмини ишлаб чиқиш;

пахтани териб олишни жадал механизациялаш бўйича белгиланган вазифалар ўз вақтида бажарилиши устидан доимий мониторинг олиб бориш ва назорат қилиш бўйича шахсни масъулият юкланди.

Қуйидагилар:

2020 - 2026 йилларда “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ тизимидаги ташкилотлар томонидан пахта териш машиналари ишлаб чиқариш ва республика ҳудудларига етказиб бериш прогнози;

2020 - 2026 йилларда республикада пахта теримини механизациялаш даражасини ошириш ва пахта териш машиналарини ишлаб чиқаришни ташкил этиш чора-тадбирлари режаси маъқулланди.