Ўзбекистон | 12:00 / 16.01.2020
13684
2 дақиқада ўқилади

Комилов ва Лавров Ўзбекистон президентининг Россияга бўлажак ташрифини муҳокама қилди 

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2020 йилнинг 16 январь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкент шаҳрига расмий ташриф билан келган Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сергей Лавров билан учрашди.

ТИВ хабарига кўра, музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистон-Россия кўп қиррали муносабатларининг долзарб масалаларини уларни сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, туризм, илм-фан, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ривожлантириш истиқболларига урғу берган ҳолда муҳокама қилдилар ҳамда баъзи халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.

Қайд этилишича, сўнгги икки йилда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар барқарор ўсмоқда ва кенг қамровли тус олди. Якунланган йилда фақатгина иқтисодий соҳанинг ўзида вазирлик ва идоралар, ҳудудлар делегациялари, компаниялар раҳбарлари, ишбилармон доираларнинг 130 дан ортиқ ташрифлари амалга оширилди. Таъкидланганидек, мазкур ижобий динамикага аввало икки мамлакат лидерлари ўртасида ўрнатилган ишончли муносабатлар ва ўзаро англашув сабабли эришилди.

Учрашувда Ўзбекистон президентининг Россияга бўлажак ташрифига тайёргарликнинг амалий жиҳатларига алоҳида урғу берилди. Мазкур ташриф икки томонлама муносабатларнинг янги тарихидаги муҳим воқеа бўлиши кутилмоқда.

Шунингдек, жорий йилда бўлиб ўтадиган ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссия, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлислари, ҳудудлараро ҳамкорлик, таълим ва медиа соҳаларида форумлар ва бошқа икки томонлама тадбирлар муддатлари ва кун тартиби юзасидан таклифлар кўриб чиқилди.

БМТ, МДҲ, ШҲТ ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.

Музокаралар якунида вазирлар Ўзбекистон ва Россия ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2020-2021 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзоладилар. Мазкур ҳужжат икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасида мунтазам ва самарали алоқаларни ривожлантиришга йўналтирилган.

Учрашувда Россия элчиси Владимир Тюрденев иштирок этди, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид