Туризм элчиларини тайинлаш – сўнгги вақтларда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини дунёга танитишда қўллаётган янги ёндашувлардан бири. Хўш, туризм элчиларининг вазифалари ўзи нималардан иборат? Уларнинг мамлакатимизга қизиқиши ҳақиқатан ҳам юқорими? Тайинланган элчилар Ўзбекистон ҳақида қанчалик тўлиқ маълумот эга?

Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида, Лондонга сафаримиз давомида Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм элчиси Софи Ибботсон билан суҳбатда бўлдик.

Маълум бўлишича, Ибботсон хоним ўн йилдан буён ўзбеклар турмуши ва маданиятига қизиқиб келади ҳамда тез-тез Ўзбекистонга бориб туради. У Ўзбекистонга саёҳат қилишга оид қўлланма муаллифи бўлиб, бу китоб ҳозиргача уч марта нашрдан чиққан ва ўз йўналишида энг кўп сотилувчи инглиз тилидаги қўлланма ҳисобланади.

«Менинг Буюк Британиядаги туризм элчиси сифатидаги ролим Ўзбекистоннинг бошқа давлатлардаги туризм элчиларидан фарқ қилади. Чунки мен бу ерда ҳам маслаҳатчи, ҳам маркетингни шакллантиришга масъул шахс сифатида ишлайман. Ўзбекистон бошқа давлатларга тайинлаган туризм элчиларининг аксарият қисми катта нуфузга эга машҳур одамлардир. Улар омма орасидаги машҳурлигидан фойдаланиб, Ўзбекистонни дунёга танитишга ҳаракат қилишади. Менда эса ҳолат бироз бошқача, мен бу қадар таниқли эмасман. Бироқ туризм бўйича мутахассислигим ва Марказий Осиё давлатлари, айниқса, Ўзбекистонга бўлган қизиқишим сабаб бу лавозимга тайинланганман», – дейди Софи Ибботсон.

– Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё мамлакатларига бўлган бу қизиқиш сизда қандай пайдо бўлган?

– Очиғи, ўзим ҳам билмайман, тўғрисини айтсам. Мени ва оиламни Марказий Осиё давлатлари билан маданий жиҳатдан боғлаб турувчи ўзига хос занжирлар бор. Оила аъзоларимнинг кўпчилиги Жанубий Осиё минтақасидан, университетда ҳам хорижий тил сифатида шу ҳудуд тилларини ўрганганман. Ҳатто Марказий Осиё тўғрисида ҳали кўп нарса билмаган вақтларимда ҳам минтақага қизиқиб, диссертациямни ҳудудга алоқадор мавзуда – тасвирий санъат ривожланиши ҳақида ёзганман.

Маълумки, Ҳиндистонда ўша даврларда яратилган кўплаб ёдгорликлар Темурийларга хос услубдаги тасвирий санъат намуналари билан безатилган. Шундай экан, мен Марказий Осиё минтақасига Ҳиндистонда бўлаётган ривожланишларнинг туртки берувчи асоси сифатида қарардим. Бундан ташқари, ҳудуд менда илмий жиҳатдан ҳам қизиқиш уйғотганди.

Марказий Осиё бўйича ишлашни 2008 йилда бошлаганман. Университетни тамомлаганимдан кейин Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги билан ҳамкорликда ишлашга киришдим ва у ерга кўчиб бордим. Қирғизистон менда ҳар томонлама улкан қизиқиш уйғотган бўлса-да, маданий жиҳатдан ва урф-одатларининг ранг-баранглиги билан Ўзбекистон доим мени ўзига тортиб турарди. У ерда ишлаш имкони туғилиши биланоқ ўзбек компаниялари ва ҳукумат ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйдим. Чунки юртингизнинг салоҳияти ҳар томонлама юқори эканини билардим. Бу нафақат юқори маданият, балки иқтисодий ўсиш суратларида ҳам яққол намоён бўлади. Шундай экан ишончим комилки, биз туризмни ривожлантириш орқали фақат соҳанигина эмас, унга қўшиб иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини ҳам ўстиришимиз мумкин.