4 мураббий, 5 та гол ва тезкор камбэк. БАА — Ўзбекистон ўйинидан фотогалерея
Ўзбекистон U-23 жамоаси Осиё чемпионатининг яримфинал йўлланмасини қўлга киритди. Чорак финалда Друлович жамоаси БААга 5 та гол уриб ғалаба қозонди.
Ўйин футболчиларимиз учун қийин бошланди, чунки аввалига БАА ҳисобни очди. Зайд ал Амири 13-дақиқада дарвозабон билан яккама-якка чиқиб узоқ бурчакни аниқ нишонга олди. Бу гол пишиб келаётганди десак, хато бўлмайди. Чунки БАА голгача кўп ҳужум уюштирган ва Абдувоҳид Неъматовни дастлабки 5 дақиқа ичида 3 марта сейв қилишга мажбур қилганди.
Аммо йигитларимиз қийин вазиятдан чиқиб кета олишди. Аввалига Илҳом Алижонов чап оёқда супер гол уриб ҳисобни тенглаштирди. Унга Ойбек Бозоров ассистентлик қилди. 26-дақиқада эса Ислом Қобилов Ойбек Бозоровга қарши қўполлик учун белгиланган пенальтини голга айлантирди. Бу Ойбекка қарши қўполлик учун белгиланган иккинчи пенальти эди. Хитой билан ўйинда ҳам Ойбек рақибни қўполлик ишлатишга мажбур қилганди.
Ўйиндаги учинчи голни эса Ойбекнинг ўзи урди. Мусобақа кашфиётига айланаётган Бозоров 25 метрлар чамасидан кучли зарба йўллаб олис бурчакни аниқ нишонга олди. Шу тариқа футболчиларимиз биринчи бўлимнинг ўзида камбэк қилиб ҳисобда олдинга чиққан ҳолда танаффусга чиқиб кетишди. Иккинчи бўлимда ҳам тўп назоратини рақибга бермаган футболчиларимиз яна иккита гол уришди.
Аввалига Жасур Яхшибоев мусобақадаги илк голини урган бўлса, 90+4-дақиқада Нурилло Тўхтасинов якуний натижани ўрнатди. Дарвоқе, Жасурнинг голига айнан Тўхтасинов ассистентлик қилди. «Бунёдкор» футболчиси 3 та ўйинда захирадан ўйинга қўшилиб иккита гол урди ва битта голга ассистентлик қилди. Шу тариқа Ўзбекистон ўйинда йирик ҳисобда ғалаба қозонди.
Бу баҳсдан аввал бир шов-шувли воқеа содир бўлди. Вадим Абрамов ва Рўзиқул Бердиевлар кутилмаганда Таиландга келишди. Ўзбекистон U23 жамоаси асоси «Бунёдкор» ва «Насаф» футболчиларидан ташкил топган, шу боис бу жамоа мураббийлари Таиландга гўёки шогирдларини руҳлантириш учун олиб келинди. Мухлислар бу борада турли фикрларни билдириб жамоада энди тўртта мураббий (Друлович, Ҳайдаров, Абрамов, Бердиев) бор деб ҳазил ҳам қилишди. Аммо бу баҳсдаги ғалабани чинакам Друловичники десак бўлади. Бердиев ва Абрамов чиндан футболчиларга кўрсатма беришгани йўқ, фақат қўллаб-қувватлашди. Друлович эса таркибдаги ҳеч қандай ўзгаришсиз натижани яхшилай олди.
Энди футболчиларимиз 22 январь куни Саудияга қарши финал йўлланмаси учун баҳс олиб боришади. Бу ўйиндаги ғалаба Токио олимпиадасига ҳам йўлланма беради. Ҳозирча эса БАА — Ўзбекистон ўйинидан тайёрланган фотогалереяни томоша қилишингизни тавсия қиламиз.
Мавзуга оид
07:46 / 17.05.2024
«Пеналтини уролмаганидан кейин 3 кун ухлолмай чиқдим» — Президент Ўзбекистон U-23 жамоаси ҳақида
19:16 / 02.05.2024
Испаниями ёки Исроилга қарши реванш? Ўзбекистоннинг Париж-2024даги эҳтимолий рақиблари ҳақида
10:17 / 17.04.2024
Ўзбекистон U-23 жамоасининг Осиё Кубоги учун якуний таркиби эълон қилинди — Файзуллаев ва Ҳусанов бор
16:10 / 23.11.2023