Бу тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган президент фармонида белгиланди.
Ҳужжатга кўра, 2027-2028 ўқув йилидан тор соҳа мутахассисликлари бўйича бирламчи ва қўшимча ихтисослаштириш тўлиқ резидентура тизимига ўтказилади.
Шу муносабат билан тиббиёт соҳасида магистратура дастурлари орқали тор соҳа мутахассисларини тайёрлаш амалиёти бекор қилинади. Магистратурага қабул параметрлари қисқартирилгунга қадар мавжуд бўлган ўринларнинг 20 фоизгача қисми магистратура дастурлари учун сақлаб қолинади.
Эндиликда магистратура дастурлари асосан илмий-педагогик ва бошқарув кадрларини тайёрлашга йўналтирилади. Шунингдек, олий маълумотга эга, муайян мутахассислик бўйича дипломи бўлмаган, аммо турдош соҳада таълим олган шахсларни ҳам магистратурага қабул қилишга рухсат берилади. Бундай номутахассислар магистратурада фақат илмий йўналишда тайёрланади.
Фармон билан нодавлат тиббиёт ва таълим ташкилотларига ҳам резидентура дастурларини ташкил этиш имконияти берилади. Улар тор соҳа мутахассисларига бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, ўз маблағлари ҳисобидан бундай дастурларни йўлга қўйиши мумкин.
Оилавий тиббиёт йўналишидаги резидентура талабаларини тайёрлаш эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббиёт олий таълим ташкилотларига бириктириладиган оилавий поликлиникаларда амалга оширилади.
Ушбу поликлиникаларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш жараёнига тиббиёт олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчилари билан бирга резидентура талабалари ҳам жалб қилинади.
Шу тариқа, оилавий тиббиёт йўналишидаги резидентлар поликлиникада бир вақтнинг ўзида таълим олиб, бевосита амалий фаолият билан ҳам шуғулланади.
















