Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида Бош вазир номзоди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастури кўриб чиқилди.

Президент Шавкат Мирзиёев янгидан тасдиқланадиган ҳукумат олдида турган асосий вазифаларга тўхталиб ўтди.  

Қишлоқ хўжалигида мева-сабзавотчилик ва чорвачилик асосий «локомотивлар» бўлиши кераклиги таъкидланди. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кейинги беш йилликда 2,5 бараварга ошириш вазифаси ҳам турибди. 

Сув ресурслари камайиб бораётган шароитда келгуси беш йилда суғориладиган ерларнинг камида 30 фоизига томчилатиб суғориш ва бошқа сув тежовчи технологияларни жорий этиш, давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш орқали сув иншоотларининг эксплуатация ва инвестиция харажатларини камида 15 фоизга қисқартириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.  

Давлатимиз раҳбари иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун нефть-газ ва энергетика тармоғидаги муаммоларни ҳал этиш лозимлигини таъкидлади.

– Ҳукумат бу соҳаларни трансформация қилиш, уларга хусусий секторни фаол жалб этиш, ҳисоб-китобни жой-жойига қўйиш орқали ортиқча йўқотишларни тўлиқ қисқартириш ва талон-торожликларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан чораларни кўриши зарур. Нефть-газ соҳасида 2025 йилда ёқилғи маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 5,2 миллион тоннага ошириш, шундан 4,1 миллиард долларлик 5 та объектни бу йил ишга тушириш керак. Кейинги беш йилликда электр энергияси ишлаб чиқаришни камида 80 миллиард киловатт-соатга етказиш, шундан камида 20 фоизини қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига таъминлаш талаб этилади, – деди Президент. 

Чуқур таркибий ўзгаришлар ва йирик инвестиция лойиҳалари ҳисобига тоғ-кон саноатида маҳсулотлар ҳажмини 2025 йилгача 1,5 баробаргача, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни 3 карра кўпайтириш муҳим вазифалар сифатида белгиланди.  

Тўқимачилик ва чарм-пойафзал соҳаларига тўхталар экан, Президентимиз бу тармоқларда маҳаллий хомашёни тўлиқ қайта ишлаб, 2025 йилгача 8 миллиард долларлик экспортни таъминлаш масаласига алоҳида урғу берди.

Юқори технологиялар асосида электротехника саноатини жадал ривожлантириш, маиший техника ва саноат электр ускуналари, кабель маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш лозимлиги қайд этилди. 

Автомобилсозлик саноатида 2023 йилгача енгил ва юк автомобиллари ҳамда автобуслар ишлаб чиқариш ҳажмини 360 минг донага етказиш, шундан камида 100 минг донасини хорижга экспорт қилиш соҳа масъуллари учун асосий марра бўлади.