Спорт | 15:26 / 21.01.2020
12379
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон миллий жамоасининг яна бир футболчиси Корея чемпионатига ўтди

Ўзбекистон миллий жамоасига номзод футболчилардан бири бўлган Достонбек Турсунов фаолиятини Жанубий Корея К-1 Лигасида давом эттиради. Бу мавсум юқори дивизионга чиққан «Бусан Ай Парк» клуби ўзбекистонлик ҳимоячи трансферини эълон қилган.

Айни вақтда 24 ёшда бўлган Достонбек Турсунов амплуасига кўра марказий ҳимоячи ҳисобланиб, 2018 йил Хитойда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида Ўзбекистон U-23 жамоасининг чемпионликка эришишига катта ҳисса қўшган футболчилардан бири бўлганди.

Футболчилик фаолиятини Фарғонанинг «Нефтчи» клубида бошлаган ва кейинчалик клуб сардорига айланган Достон Турсунов 2018 йилнинг декабрида Япониянинг «J2» лигаси вакили «Ренофа Ямагучи» клуби билан 2 йиллик шартнома имзолаган, унинг шартномаси 2020 йилнинг 31 декабрига қадар тузилганди.

Айни вақтда кореяликлар клуби уни қандай нархга трансфер қилгани маълум эмас. 

Transfermarkt маълумотига кўра, футболчининг трансфер қиймати 300 минг еврони ташкил этади.

Маълумот учун, Достонбек Турсунов Эктор Купер мураббийлиги даврида Ўзбекистон миллий жамоасига жалб қилинганди.